Алмати аэропорти 415 миллион долларга сотилди


  • 9 Май, 2020
  • 376

Турк холдинги “TAV Airports Holding” Алмати халқаро аэропортининг 100% акцияларини сотиб олди. Келишув нархи 415 миллион долларни ташкил қилди.

Алмати аэропорти “TAV Airports Holding” таркибидаги 15-аэропорт ҳисобланади.

Холдинг президенти ва генерал директори Сани Шенер “Қозоғистон минтақада ҳам географик жиҳатдан, ҳам иқтисодий жиҳатдан энг йирик мамлакат ҳисобланади. Алмати эса ўлканинг энг йирик шаҳридир. Бундан ташқари, шаҳар “замонавий Ипак йўли”нинг марказидир. Алмати Хитой, Европа ва Африкани боғлаб туради. Шаҳарнинг потенциали жуда юқори” деди.

Гражданлар авиацияси қўмитаси берган хабарда “Аэропорт эгасининг алмашиши туфайли хизматлар нархи ошиши кутилмаяпти. Гражданлар авиацияси қўмитаси тарафидан аэропортнинг қабул қилиш қувватини ошириш, йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини кўтариш ва парвозлар хавфсизлигини халқаро стандартларга мослаш бўйича ишлар олиб борилиши давом этади” дейилган.

Аэропорт терминалини кенгайтириш учун 270 миллиард тенге сарфланиши режалаштирилмоқда.

TAV Airports Holding” компанияси 1997 йили “Tepe” ва “Akfen” компания гуруҳлари тарафидан ташкил этилган. Унинг асосий фаолияти Истанбулнинг Отатурк номидаги аэропортига, Анқарадаги халқаро терминал, Измирдаги Аднан Мендерес номидаги аэропртнинг халқаро терминали, Ғозипошо-Анталья, Милас-Бодрумларга хизмат кўрсатишдир.

Бундан ташқари компания Тбилиси аэропорти, Батуми аэропорти, Тунисдаги Монастир аэропорти, Саудия Арабистонининг Мадина аэропортлари ва Хорватиянинг Загреб аэропортларини бошқаради.


Бошқа мақолалар