- 2024-04-18
Қозоғистонликлар учун визасиз саёҳат қилиш мумкин бўлган ўлкалар сони қисқарди.
2019 йилнинг 3-чораги учун “Henley & Partners”нинг паспортлар индекси эълон қилинди.
Индексда биринчи ўринни аввалгидек визасиз 189 та давлатга саёҳат қила оладиган Япония ва Сингапур эгаллаб турибди. Уч ой аввал биринчи ўринни эгаллаб турган Жанубий Корея иккинчи ўринга тушиб, Германия ва Финландия билан бир ўринда турибди (187 та ўлка).
Биринчи ўринлардаги ўзгариш асосан Покистоннинг виза сиёсатини юмшатишдан келиб чиқди. Покистон сайёҳларни жалб қилиш ва иқтисодиётни ривожлантириш умидида 50 та давлат ватандошларига визани ўлкага етиб келганидан кейин беришни бошлади. Булар ичида Финландия, Швейцария, Испания, Мальта ўлкалари бор. Шуниси қизиқки, бу енгиллик на АҚШга, на Британияга татбиқ этилади. Иккала давлат ҳам рўйхатнинг 6-ўрнидан жой олган (183 та давлат).
Россия учинчи чоракда 51-ўринни эгаллади. Ҳозирги вақтда россияликлар визасиз 116 та ўлкага боришлари мумкин. Ўрта Осиё давлатлари ичида Қозоғистон 69-ўрин (75 та ўлка), Қирғизистон 82-ўрин (62 та ўлка), Тожикистон 87-ўрин (57 та ўлка), Ўзбекистон 88-ўрин (56 та ўлка) ва Туркманистон 93-ўрин (51 та ўлка)ни эгаллаб турибди. Рўйхатнинг энг сўнгги 109-ўринни Афғонистон эгаллаб, визасиз 25 та ўлкага бора олиши мумкин.