Туркистонда карантин узайтирилди


  • 18 Июнь, 2020
  • 451

Туркистон вилоятининг бош санитар шифокори қарорига кўра, аҳолига парк, майдонлар, скверларда сайр қилиш тақиқланади. Аҳолига хизмат кўрсатиш марказларининг иши соат 10:00 дан 17:00 гача этиб белгиланди. Озиқ-овқат ва бошқа бозорларнинг иш вақти ҳам олти кун давомида соат 10:00 дан 17:00 гача этиб белгиланди. СПА-марказлари, ҳаммомлар ва чўмилиш ҳовузлари соат 10:00 дан 20:00 гача ишлайди. Бундан ташқари шаҳар ичидаги жамоат транспортлари ҳам соат 06:00 дан 10:00 гача ва соат 17:00 дан 21:00 гача фаолият кўрсатади.

Аҳоли карантинга риоя қилиш учун Туркистон шаҳридаги фавворалар ва дам олиш жойларидаги кўча чироқлари ҳам ўчирилади.

Бу ҳақда Туркистон шаҳри ҳокими Рашид Аюпов маълум қилди.

Ҳоким “Ҳурматли Туркистон шаҳри аҳолиси! Туркистон вилояти штаби қарорига кўра, бугунги кундан бошлаб фавворалар ва дам олиш жойларидаги кўча чироқлари ўчирилади. Карантин талаблари бажарилишини назорат қилиш учун патрул хизматларининг ишлари кучайтирилди. Сизларни эҳтиёт бўлишга ва соғлиғингизни сақлашга чақираман” деди.

Туркистон вилояти йўловчи транспорти ва автомобиль йўллари бошқармаси маълумотига кўра, Туркистон шаҳридаги “Туркестан Орталык”, “Алтын Орда” ва “Мерей” автовокзаллари вақтинча бекитилди.

Ҳозирги вақтда йўловчилар учун янги “Туркистон” автовокзали, “Алтын Булак” ва “Ясси” автовокзаллари фаолият кўрсатмоқда.


Бошқа мақолалар