- 2021-05-19
Ўзбекистон ва Тожикистоннинг 3 минг ватандоши ўз ватанларига кира олишмаяпти. Улар Қозоғистоннинг Туркистон вилоятидаги “Жибек жолы” чегара пункти олдида тўпланган. Бу ҳақда вилоят ҳокими ўринбосари Сакен Қалқаманов маълум қилди.
Ижтимоий тармоқларда чегара ўтказиш пункти олдида олинган фотосуратлар тарқалмоқда. Суратда ерга картон қоғозлар ва кийимларини тўшаб ётган одамларни кўриш мумкин. Сратлар муаллифи буларнинг чегара ёпиқлиги боис уйларига қайта олмаётган ўзбекистонликлар эканлигини айтмоқда.
Хабарда “Ўзбекистон ва Қозоғистон чегараси. Беш кундан бери одамлар жазирамада ва антисанитария ҳолатларида қолиб, Қозоғистондан чиқиб кета олишмаяпти. Шундоқ ерда ётишибди. Атроф тўла ахлат. Тоқат қилиб бўлмас шароитлар туфайли одамлар орасида оммавий муштлашишлар юз бермоқда. Махсус бўлинма уларни қуршаб олган. Чегара суткасига бир неча соатгагина очилмоқда. Бу вақтда одамлар қутургандек чяегарадан ўтиб олишга уринмоқда. Озиқ-овқат ва сувни шу яқиндаги дўкондан уч баравар қиммат нархга сотиб олишмоқда. Ҳожатхоналар ҳам пуллик” дейилган.
Туркистон вилояти ҳокими ўринбосари Сакен Қалқаманов улар ичида Ўзбекистондан ташқари Тожикистон ватандошлари ҳам борлигини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, улар ўз уйларига қайтишни исташмоқда. Лекин Ўзбекистон чегарани ёпиб қўйганлиги учун бунинг имкони бўлмаяпти.
Қалқаманов “Бир неча бор ИИВ ва элчихона ҳамкорлигида ватандошларни чегарадан ўтказишга муваффақ бўлишди. Бир неча кун аввал 200-300 кишини ўтказишди. Асосан аёллар ва ёш болаларни ўтказишга уриняпмиз. Чунки улар айвонлар тагида тунашмоқда. Уларни уй билан таъминлаш имконимиз йўқ.
Сариағаш тумани ҳокимияти қийинчилик билан уларни бир маҳал иссиқ овқат билан таъминламоқда. Волонтёрлар, ҳомийлар ёрдам бермоқда. Баъзи ватаношларимиз уларга сув етказиб бермоқда. У ерда бизнинг 20 нафар полициямиз вазиятни назорат остида тутиб турибди” деди.
Аввалроқ Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ватандошларини Россия ва Қозоғистон орасидаги чегара очилганлиги ҳақидаги хабарга ишонмасликка чақирганди. Маълум бўлишича, Россия ва Қозоғистон орасидаги чегарада ҳам Ўзбекистон ватандошлари тўпланиб қолган.