Мухолиф Навальний заҳарланди


  • 21 Августь, 2020
  • 472

Россияда мухолиф Алексей Навальний Томск шаҳридан Москвага парвоз қилган самолётда тоби қочди. Самолёт Омск шаҳрига шошилинч қўниб, Навальний касалхонга етказилди.

Навальнийнинг матбуот котиби Кира Ярмиш заҳарланиш белгилари кўринган Навальний интенсив терапия бўлимига ётқизилганини маълум қилди. Ярмиш “Навальний токсик заҳарланган. Чойга қўшилган заҳар билан заҳарланган деб тахмин қилмоқдамиз. Чунки эрталабдан бери фақат чой ичганди. Докторлар токсиннинг иссиқ суюқлик билан вужудга тезда тарқаганини айтишмоқда” деб гапирди.

Касалхона бош шифокори Александр Муравский Навальнийнинг аҳволи оғир эканлигини билдирди. Коррупцияга қарши кураш фонди асосчиси Алексей Навальний 2008 йили Россия сиёсатидаги ва жамоат ширкатларидаги коррупция ҳамда мансабини суистеъмол қилишларни фош этувчи блог ёзувлари билан машҳур бўлганди. Асл касби адвокатлик бўлган Навальний 2011 йили норозилик намойиши вақтида ҳибсга олиниб, 15 кун қамоққа ташланди.

2012 йили Россия президенти Владимир Путин Навальнийнинг олдинги ишларига доир терговни бошлатди. Коррупция айби билан 5 йиллик қамоқ жазоси тайинланди. Эртаси куни эса юқори инстанция тарафидан озод этилди. 2013 йили Москва мэри сайловларида иштирок этди ва 27% овоз тўплаб, Путиннинг номзодидан кейинги иккинчи ўринни эгаллади. 2017 йил февралда минглаб одамлар ҳибсга олинган йирик коррупцияга қарши намойишларда халқни ҳукуматга қарши ташвиқ қилиш айби билан ҳибсга олинди. 15 кундан кейин озод этилди. 2019 августда яна намойиш натижасида ҳибсга олиниб, 30 кун қамоқ жазоси тайинланди. Тўсатдан бетоблашиб, касалхонага етказилган Навальний қамоқхонада заҳарланиш иддаоси билан ҳукуматни айблаганди.


Бошқа мақолалар