Арманистон армияси 10 кунда пароканда бўлди


  • 7 Октябрь, 2020
  • 487

Озарбайжон армияси тўқнашувларнинг ўнинчи куни ишғолчи арман кучларига оғир зарба берди. Катта талофат кўрган арманлар қочишда давом этмоқда.

Озарбайжон армияси тупроқларини ишғолдан қутқариш учун бошлаган операцияда Арманистон армияси оғир талофатлар кўрди. 25 дан ортиқ аҳоли пунктини ишғолдан қутқарган Озарбайжон Арманистон армиясига тегишли кўплаб ҳарбий нишон, транспорт ва экипажларни йўқ қилди.

Озарбайжон бу муддатда Арманистонга оид 230 танк ва зирҳли транспорт, 250 ҳарбий транспорт, 38 ҳаво мудофаа тизими, 250 тўпчи тизими, 10 қўмондонлик маркази, етти арсенал, 3 дона T72 танки, бир дона С-300 зенит-ракета комплекси ва радари, 29 ҳарбий оғир транспорт, 5 дона 120 мм M75 миномётни йўқ қилди. Бундан ташқари, тўқнашувлар бошланган кундан бугунгача 4 мингдан ортиқ арман аскарини зарарсизлантирди.

Озарбайжон армиясининг илгарилаши қаршисида ожиз қолган Арманистон аскарлари баъзи жойларда қурол ва транспортларини ташлаб қочишди. Озарбайжон арманларга тегишли кўплаб қурол, ўқ-дори ва ҳарбий транспортларни қўлга киритди.

Озарбайжондан оғир зарба еган Арманистон армияси аламига чидай олмай тинч аҳоли пунктларига ракеталар билан ҳужум қилди. Ўлканинг иккинчи катта шаҳри Генже билан Тертер, Ағдам, Ағчабеди, Бейлеган, Гўйгўл, Берде ва Горанбой туманларининг марказлари ва баъзи қишлоқлар тинимсиз тўпга тутилди. Бугунгача 27 нафар тинч аҳоли ҳаётдан кўз юмиб, 141 киши жароҳат олди. Ҳужумда 376 турар жой ва 63 та жамоат биноси зарар кўрди.


Бошқа мақолалар