Атамбаевга ўқилган ҳукм бекор қилинди


  • 1 Декабрь, 2020
  • 384

Қирғизистон олий суди собиқ президент Алмазбек Атамбевга берилган 11 йиллик қамоқ жазосини бекор қилди ва жиноий тўда бошчиси Азиз Батукаевнинг ноқонуний озод этилиши бўйича ишни қайта кўриб чиқишга юборди.

Олий суд девонхона ходими: “Аввалги иккита инстанция қарори бекор қилинди. Иш қайта кўриб чиқиш учун судга юборилди” деб маълум қилди.

Бишкекнинг Первомай туман суди 23 июнда Атамбаевни Батукаевни озод қилишда пора олганликда айблаб, 11 йил 2 ой қамоқ жазосига ҳукм қилганди. Бишкек шаҳар суди 14 августда ушбу қарорни ўзгаришсиз қолдирганди.

Ундан ташқари собиқ президентни қўлга олишда оммавий тартибсизликлар бўйича суд жараёни давом этмоқда. Бу иш бўйича унга умрбод қамоқ жазоси белгиланиши мумкин.

Қирғизистон социал-демократлар партияси бошчиси Атамбаев 2017 йили сайлов натижаларига кўра ўзининг яқин йўлдоши бўлган Сооронбай Жээнбековга лавозимни топширган эди. Лекин кўп ўтмай собиқ президент жамоаси аъзоларига нисбатан жиноий ишлар қўзғатилди. Атамбаевдаги собиқ президент статуси бекор қилиниб, оғир ва жуда оғир жиноятларда айбланди. 


Бошқа мақолалар