- 2016-04-27
17 февраль куни “Қазахмис” корпорациясига қарашли “Жўмарт” конида тош массасининг қулаб тушиши содир бўлди. Натижада, шахтада ишлаётган 7 нафар ишчи вайрона остида қолди.
Қозоғистон Бош вазири Олжас Бектенов топшириғига биноан, фожиа сабабларини ўрганиш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш мақсадида махсус комиссия тузилди. Комиссияга Бош вазир ўринбосари Қанат Бозумбаев раҳбарлик қилмоқда.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги дастлаб қутқарувчилар олти ишчининг жасадини топгани, еттинчи ишчини қидириш ишлари давом этаётгани ҳақида хабар берди. Кейинчалик, сўнгги ишчининг ҳам жасади аниқланди. Ҳалок бўлган барча ишчиларнинг жасадлари суд-тиббий экспертизаси учун полицияга топширилди.
“Қазахмис” корпорацияси маълумотига кўра, дастлабки таҳлиллар фожиага табиий газ портлаши сабаб бўлганини кўрсатмоқда.
Улитау вилоятидаги шахтада содир бўлган фожиадан сўнг полиция жиноий иш қўзғатди.
Корпорация вакиллари ҳалок бўлган ишчиларнинг оилаларига зарур моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилишини тасдиқлади. Жумладан, марҳумларнинг оилаларига ўртача йиллик маошнинг 10 баробари миқдорида товон пули тўланади. Шунингдек, дафн маросими учун 2 миллион тенгеден ортиқ маблағ ажратилади. Бундан ташқари, боқувчисини йўқотган оилаларга ҳар ойлик нафақа, болаларнинг таълими учун моддий ёрдам, марҳумнинг кредит ва қарзларини қоплаш каби чора-тадбирлар кўзда тутилган.
Улитау вилояти ҳокимияти ҳам ҳалок бўлган ишчиларнинг оилалари ва яқинларига зарур психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатишини маълум қилди.