- 2013-11-25
Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев республиканинг Хавфсизлик кенгашини умрбод бошқариш ҳуқуқини қўлга киритди. Бу ҳақда қонун эълон қилиниб, кучга кирди. Жорий йилнинг май ойида қонун парламент тарафидан маъқулланиб, июлда президент томонидан имзоланган.
Қонунда “Қозоғистоннинг биринчи президенти – Элбошига унинг тарихий миссияси туфайли хавфсизлик кенгашини раис сифатида бошқариш ҳуқуқи умрбод тегишли” дейилган.
Аввалроқ юстиция вазири Марат Бекетаев Назарбоевга умрбод ХКга раислик қилиш ҳуқуқининг берилиши барқарорликни мустаҳкамлаш омили эканлигини айтганди.
Қонун, шунингдек, хавфсизлик кенгашига ички сиёсий барқарорликни сақлаш, конституциявий тузум, давлат мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва Қозоғистоннинг халқаро майдондаги миллий манфаатларини ҳимоялаш мақсадида миллий хавфсизлик ва мудофаа қобилиятини таъминлаш соҳасида ягона давлат сиёсатини юргазишни мувофиқлаштирувчи конституциявий орган мақомини беради.
Қонунда “Хавфсизлик кенгаши ва кенгаш раисининг қарорлари мажбурий ҳисобланади ва Қозоғистон давлат идоралари, ташкилотлари ва мансабдор шахслари томонидан сўзсиз бажарилиши керак”, деб айтилган.