- 2022-05-18
Франция пойтахти Парижда қуролланган босқинчилар дунёга машҳур заргарлик ва қимматбаҳо буюмлар дўкони “Bulgari”дан 10 миллион евро қийматидаги марваридни ўғирлашди.
Францияда қуролланган талончилар заргарларни тунашда давом этмоқда. Парижда “Place Vendome”даги машҳур заргарлик ва қимматбаҳо буюмлар дўкони “Bulgari” қуролланган кимсалар томонидан тунаб кетилди. Полиция берган маълумотда ўғрилар 10 миллион евро қийматидаги марваридни ўғирлаб, бир автомобиль ва 2 та скутер воситасида қочиб кетганлиги айтилди. Полиция 2 нафар гумонланувчи ҳибсга олинганлигини билдириб, улардан бири оёғига ўқ узилиб, иккинчиси эса узоқ бўлмаган бир автопаркда қўлга олинганлигини маълум қилди. Ўғрилар фойдаланган автомобиль эса ташлаб кетилган ҳолда топилди. Полиция ушбу ҳодиса юзасидан тергов ишларини давом эттириб, талончиликда 4 киши иштирок этганини тахмин қилмоқда.
Ўтган июль ойида Парижда 72 соат ичида икки нафар заргар тунаб кетилганди. 27 июлда “Champs-Elysees” яқинидаги заргардан 2 миллион евро қийматидаги марварид ўғирланганди. Орадан уч кун ўтиб, электрошокер ва кўзан ёш оқизувчи газ ёрдамида икки ўғри “Dinh Van” дўконидан 400 минг евро қийматидаги марваридни ўғирлаганди.