Исроил ҳарбийлари дипломатлар кортежига ўт очди


  • 22 Май, 2025
  • 28

Исроил армияси Жанубий Иордан дарёси ғарбий соҳилидаги Женин шаҳрига ташриф буюрган халқаро дипломатлар гуруҳига нисбатан огоҳлантирувчи ўқ узди.

Euronews хабар беришича, 25 та мамлакат вакилларидан иборат делегация маршрути Исроил Мудофаа армияси ҳарбий қўмондонлиги билан батафсил келишилган бўлган. Бироқ дипломатлар маршрутни ўзгартириб, улар учун кириш тақиқланган ҳудудга боришган.

Маълумотларга кўра, улар Жениндаги қочқинлар лагерига яқинлашишга уринган ва бу ҳақда олдиндан огоҳлантирилмаган маҳаллий исроиллик ҳарбийлар ҳавога ўқ узишган.

Ҳеч ким жабрланмаган. Исроил Мудофаа армияси (ЦАХАЛ) келтирилган ноқулайлик учун узр сўради. Армия делегация вакиллари билан тез орада боғланиш, дипломатлар билан шахсий суҳбатлар ўтказиш ва воқеа тафсилотларини муҳокама қилишни ваъда берди.

ЕИ ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Кая Каллас Жениндаги отишма ҳолатини Исроил томонидан текширишга чақирди ва “дипломатлар ҳаётига таҳдид — мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат” эканини эслатди. Шунингдек, у яқинда Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий амалиётига қарши норозилик сифатида Исроил билан ассоциация тўғрисидаги келишувни қайта кўриб чиқишга тайёрлигини айтган эди.

Фаластин Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Жениндаги огоҳлантирувчи отишмани қоралаб, бу 1961 йилги Вена конвенцияси — дипломатик миссиялар ва делегацияларни ҳимоя қилишни назарда тутувчи халқаро ҳуқуқ меъёрини бузиш эканини маълум қилди. Вазирлик ушбу воқеага оид видеони ижтимоий тармоқларда жойлаштирди, унда назорат-ўтказиш пунктида отишма овозлари эшитилади ва изоҳда бу "қўрқитиш уриниши" деб таърифланган.

Палестинанинг Wafa агентлиги маълумотига кўра, делегация таркибида Миср, Иордания, Марокаш, Португалия, Хитой, Австрия, Бразилия, Туркия, Испания, Литва, Польша, Россия, Япония, Руминия, Мексика, Канада, Ҳиндистон, Франция, Буюк Британия ва бошқа мамлакатлар вакиллари бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк Британия, Франция ва Канада раҳбарлари Исроил Ғазода ҳарбий ҳужумларни қайта бошласа ва ёрдам кўрсатишга бўлган чекловларни олиб ташламаса, унга нисбатан чоралар кўрилишини маълум қилишган эди.


Бошқа мақолалар