“Совуқ уруш” шамоли


  • 8 Декабрь, 2021
  • 358

Таранг вазиятда ўтган Байден-Путин учрашуви ортидан АҚШдан янги ҳамла келди. Учрашувдан кейин Оқ уй миллий хавфсизлик маслаҳатчиси Сулливан матбуот анжуманида АҚШ президенти Джо Байденнинг Украина-Россия зиддиятини Англия, Франция, Германия ва Италия бошчилари билан муҳокама этишини маълум қилди.

АҚШ президенти Джо Байден ва Россия президенти Владимир Путин Украина масаласини муҳокама қилиш учун видеоконференция орқали муҳим учрашув ўтказди. Учрашувда Путиннинг Украина масаласида ортга чекинмаслиги натижасида вазият таранглашиб, учрашув эрта тугади. Учрашувдан кейинги матбуот анжуманида Сулливан Байденнинг Европа ўлкаларининг бошчилари билан бу масалани муҳокама қилишини ва Россияга қарши кучли иқтисодий санкциялар жорий этилишини билдирди.

Кремлдан учрашув ҳақидаги баёнотида эса “Путин Байдендан НАТОнинг шарққа қараб кенгаймаслиги бўйича кафолат сўради” дейилди.

Джо Байденнинг Россия армияси қисмларининг Украина чегараси яқинларида “таҳдид этувчи” деб баҳолаган баёнотида зиддият кучайган тақдирда АҚШ ва иттифоқдошларининг кескин ҳаракатларга тайёр эканлиги айтилди.

Владимир Путин бунга жавобан бутун масъулиятни Россияга юкламаслик кераклигини, чунки Украина тупроқларида таҳликали ҳаракатларда бўлган ва Россия чегараларида уруш потенциалини борган сайин орттираётган тарафнинг НАТО эканлигини таъкидлади.

Путин НАТОнинг шарққа қараб кенгайиши ва Россияга қўшни ўлкалар ҳудудига ҳужум қуролларини ўрнатаётгани бўйича рад қилиб бўлмас ва қонуний ҳужжатлаштирилган далиллари борлигини билдирди.


Бошқа мақолалар