Нодирбек Абдусатторов — тезкор шахматда жаҳон чемпиони!


  • 29 Декабрь, 2021
  • 230

У 10-турда амалдаги жаҳон чемпионини бўйсунтирди, сўнгги, 13-турдан кейин ғолиб тай-брекда аниқланадиган бўлди ва ҳал қилувчи баҳсда яна бир асосий фаворит Ян Непомняший мағлуб этилди.

Ўзбекистонлик Нодирбек Абдусатторов Польша пойтахти Варшавада шахматнинг рапид йўналиши (тезкор шахмат) бўйича жаҳон чемпионатида ғолиб бўлди.

28 декабрь куни турнирда 4та тур ўтказилди.

17 ёшли шахматчи Абдусатторов дастлаб сенсацион равишда амалдаги жаҳон чемпиони Магнус Карлсенни мағлубиятга учратди ва уни яққол етакчилик имкониятидан маҳрум этди. Кейинги турларда Владимир Федосеев, Гукеш Доммаражу, Ян-Кшиштоф Дуда каби шахматчиларга қарши драматик баҳсларда дуранг қайд этилди.

13та партиядан сўнг Абдусатторов, Ян Непомняший, Магнус Карлсен ва Фабиано Каруана бир хил — 9,5 очко тўплади.

Қўшимча натижаларга кўра, ғолиблик Абдусатторов ва россиялик Непомняший ўртасидаги тай-брекда аниқланадиган бўлди. Дастлабки партияда кучлар тенг келди, кейинги партияда Нодирбек ғалаба қозониб (1,5-0,5), жаҳон чемпионига айланди.

Мукофот жамғармаси 1 млн доллар бўлган турнирда (рапид ва блиц) ғолиб шахматчи 60 минг долларни қўлга киритади.

Абдусатторов 13 тур давомида Фабиано Каруана, Левон Аронян, Радослав Войташек, Борис Гельфанд ва Магнус Карлсенни (жаҳон чемпиони) мағлуб этган, Ян Непомняший, Александр Гришук, Владимир Федосеев, Гукеш Доммаражу, Ян-Кшиштоф Дуда билан дуранг ўйнаганди.

У рапид йўналишида жаҳон чемпиони бўлган энг ёш шахматчи сифатида тарихга кирди.

29-30 декабрь кунлари блиц йўналишидаги баҳслар ҳам бўлиб ўтади.

Маълумот учун, Нодирбек Абдусатторов 2004 йил Тошкент шаҳрида туғилган, 2017 йилда, 13 ёшида гроссмейстер бўлган (13 ёш-у 1 ой). У 2012 йилда Словения пойтахти Марибор шаҳрида ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ўз ёш тоифасида (8 ёшгача) тенгсиз бўлганди.

kun.uz дан олинди.


Бошқа мақолалар