- 2018-12-27
Британиянинг Эйлсбери шаҳри яқинида ўтказилган археологик қазилма ишларида қадимий Рим шаҳарчаси кашф этилди. Қазилмада минглаб скелет, кўзалар, олтин тангалар ва тақинчоқлар топилди. Яна озиқ-овқатларни ачитқилашга доир маълумотлар ҳам қўлга киритилди.
“HS2” тез юрувчи темир йўл иншооти учун Британиянинг Эйлсбери шаҳри яқинларидаги Флит Марстонда ўтказилган замин тайёрлаш иши жараёнида тасодифан шаҳар қолдиқлари кашф этилди. Археологлар тарафидан олиб борилган қазилмаларда минглаб олтин танга ва тақинчоқ топилди.
Қазилма ишларида 425 скелет топилиб, барчасининг бир жойга кўмилгани эътиборни тортди. Археологлар бунинг кеч Рим даври учун “кам учрайдиган, лекин оддий жаноза маросими” бўлиши мумкинлигини ёки жасадларнинг жиноятчиларга ёхуд жамиятдан четланганларга тегишли бўлиши мумкинлигини айтишди.
Айни вақтда археологлар минг икки юздан ортиқ танга, қошиқ, игна, тақинчоқ каби топилмаларни қўлга киритди. Булар эса Флит Марстон шаҳрининг бир замонлар тижорат минтақаси бўлганини кўрсатади.