- 2024-02-20
Украина президенти Владимир Зеленский ўлкани тарк этган депутат ва миллиардерларга мурожаат қилиб, бир сутка ичида ватанга қайтишларини талаб қилди.
Зеленский душанба куни Германия канцлери Олаф Шольц билан учрашув ортидан ўтказган матбуот анжуманида “Кечанинг ўзида 30 чартер рейс амалга оширилди. Асосийси уларнинг Украинадан бирон нарса олиб кетмаслигида.
Ўлкани тарк этган депутат ва миллиардерларни эса шахсан ўзим 24 соат ичида ватанга қайтишга чақираман. Улар Украинага қайтишлари керак деб ҳисоблайман.
Акс ҳолда давлат ва президент сифатида жиддий хулосалар чиқаришга тўғри келади” деб гапирди.
Аввалроқ “Украина ҳақиқати” Россия билан зиддият кучайиб бораётган пайтда Украинани депутат ва олигархлар тарк этаётганини чоп этганди. 13 февралнинг ўзида Киевдан 20 та чартер рейс ва шахсий самолётлар парвоз қилган.