- 2020-09-03
Россияда бир намойишчи украиналиклар олдида тиз чўкиб Россия президенти Владимир Путиннинг ишлари учун кечирим сўради.
Украина президенти Владимир Зеленский рус халқига мурожаат қилиб, кўчаларга чиқиб урушга норозилик билдиришга чақирганди. Бунинг ортидан Россиянинг турли шаҳарларида уруш ва ҳукуматга қарши намойишчлар бошланди.
Украина ва Россия ватандошлари томонидан ташкил этилган бир намойишда Россия ватандоши ўлкасининг байроғи билан украиналиклар олдида тиз чўкиб кечирим сўради.
Путинга ҳақоратлар билан тиз чўккан намойишчи “Путиннинг қилмишлари учун сизларнинг олдингизда тиз чўкиб кечирим сўрайман. Биз уни хоҳламаймиз, у бизнинг президент эмас. Яшасин Украина” деб ҳайқирди.
Путин ҳам ўз навбатида хавфсизлик кенгаши аъзолари йиғилишида “Яна бир Украина қуролли кучлари ҳарбийларига мурожаат қиламан. Неонацист ва бандерчиларга сизларнинг фарзандларингиз, аёл ва қарияларингизни тирик қалқон сифатида фойдаланишига йўл қўйманг. Ҳукуматни ўз қўлингизга олинг. Киевга ўрнашиб олган гиёҳванд ва неонацистлар тўдасидан кўра сизлар билан келишиб олишимиз осонроққа ўхшайди” деди.
Бундан ташқари Путин “бандерчилар ва неонацистлар худди террористлардек оғир артиллериялари турли шаҳарларнинг, жумладан Киев ва Харьковнинг марказий туманларига ўрнатиб олган. улар Россия кучларининг жавоб зарбаларини аҳоли яшаш жойларига тўғри келишини исташмоқда. Улар худди террористлардек иш тутмоқда. Одамларни тирик қалқон қилиб, сўнгра Россияни тинч аҳолини ўлдиришда айбламоқчи” деди.
Унинг сўзларига кўра, буларнинг барчаси ғарб маслаҳатчиларининг, аввало АҚШ маслаҳатчиларининг кўрсатмалари билан бўлмоқда.