Жаҳонга машҳур Лувр музейида ўғирлик


  • 20 Октябрь, 2025
  • 95

Парижда жаҳонга машҳур Франция музейи — Луврда ўғирлик юз берди. Ҳодиса 19 октябрь куни эрталаб содир бўлган, жабрланганлар ҳақида маълумот йўқ.

BFMTV телеканали маълумотича, жиноятчилар ҳодиса жойига скутерларда келган. Улар ташқи юк лифти орқали музей ойналарига чиққан ва уларни синдириб киришган. Музей ичига киргандан сўнг, ўғрилар Наполеон ва императрица Жозефина коллекцияларига тегишли зеб-зийнатларни олиб қочишган.

Le Parisien нашрининг ёзишича, жами тўққизта зеб-зийнат ўғирланган. Улардан иккитаси, жумладан императрица тожи кейинчалик топилган. Шу билан бирга, машҳур “Регент” (140 каратдан ортиқ вазнга эга) ва “Санси” олмослари ўғирланмагани таъкидланмоқда.

Франция ички ишлар вазири Лоран Нуньеснинг сўзларига кўра, ўғирланган буюмлар мамлакатнинг “бебаҳо маданий мероси” ҳисобланади. Унинг таъкидлашича, ўғирлик атиги етти дақиқа давом этган ва бу жиноятни “жуда тажрибали” гуруҳ амалга оширган — улар олдиндан разведка ўтказган ва ниҳоятда тезкор ҳаракат қилган.

Лувр маъмурияти музей “фавқулодда сабабларга кўра” бир кунга ёпиқ бўлишини маълум қилди.

Франциядаги ўта ўнг сиёсий кучлар етакчиси Жордан Барделла бу ҳодисани “тоқат қилиб бўлмайдиган таҳқир” деб атади:

“Лувр — бизнинг маданиятимизнинг жаҳон миқёсидаги рамзи. Франция тожига тегишли зеб-зийнатларни ўғирлаш мамлакатимиз учун таҳқирли фожеадир. Давлат парокандалиги қай даражагача етади?” — деб ёзди Барделла ижтимоий тармоқда.


Бошқа мақолалар