Абдулазиз Комилов ташқи ишлар вазири лавозимидан кетди


  • 28 Апрель, 2022
  • 246

Абдулазиз Комилов ташқи ишлар вазири лавозимидан озод қилинди. Биринчи ўринбосарликка ўтказилган Владимир Норов вазирликни бошқариб туради.

Ўзбекистон Республикаси президентининг тегишли фармонлари билан Ташқи ишлар вазирлигида ўзгаришлар амалга оширилди.

Президент матбуот хизмати хабар беришича, Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири лавозимини эгаллаб келган Абдулазиз Ҳафизович Комилов президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.

Ўз навбатида, Владимир Имамович Норов Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди, унинг зиммасига Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири вазифасини бажариш юклатилди.

Бундан аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги бирлаштирилиши, янги вазирликка раҳбар сифатида Сардор Умрзоқов номзоди кўрилаётгани ҳақида хабар тарқалганди. 

1994-2003 йилларда ҳам Ўзбекистон ТИВни бошқарган Абдулазиз Комилов 2003-2010 йилларда Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси бўлган, 2010-2012 йилларда Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўринбосари сифатида ишлаган, 2012 йилдан яна ташқи ишлар вазири сифатида фаолият юритиб келаётганди. У 2022 йил мартида саломатлигидаги муаммо туфайли хорижга даволанишга кетгани маълум қилинди. Унинг соғлиги 17 март куни Сенат ялпи мажлисидаги чиқишидан кейин ёмонлашган.

 Владимир Норов 2006-2010 йилларда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири бўлган, 2019-2021 йилларда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби лавозимини эгаллаган. 2021 йил декабрида Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўринбосари лавозимига тайинланганди.

kun.uzдан олинди.


Бошқа мақолалар