Тожикистонда 7,2 баллик зилзила


  • 23 Февраль, 2023
  • 156

Тожикистонда 7,2 баллик зилзила бўлди. Хитой-Тожикистон чегарасида юзага келган зилзиланинг маркази чегаранинг Тожикистон тарафидаги Мурғоб шаҳридан 67 км ғарбда жойлашган.

Хитой-Тожикистон чегарасида маҳаллий соат билан 06:37 да 7,2 баллик зилзила рўй берди. Зилзила 47 км чуқурликда бўлиб, силкинишлар Покистон, Ўзбекистон, Хитой, Афғонистон ва Қирғизистонда ҳам сезилди.

Хитой сейсмология маркази томонидан берилган баёнотга кўра, Хитойнинг шимоли-ғарбидаги Шинжон уйғур автоном минтақаси билан Тожикистон шарқидаги Тоғли Бадахшон автоном минтақаси орасидаги чегара яқинларида 7,2 баллик зилзила қайд этилган.

АҚШ геологик тадқиқот маркази (USGS) эса зилзила кучини 6,8 деб билдириб, зилзила маркази чегаранинг Тожикистон тарафидаги Мурғоб шаҳридан 67 км ғарбда бўлганлигини хабар берди.

Қирғизистон фавқулодда вазият вазирлиги берган баёнотда Тожикистоннинг шарқида юз берган зилзила Ўш вилояти Алай тумани Бор-Добо қишлоғида 4 балл, Нура ва Эркештам қишлоқларида эса 4 балл куч билан ҳис этилганини билдирди.

Бишкекда сезилган силкинишлар ортидан баъзи ватандошлар бинолардан кўчаларга чиқиб кетганлиги кузатилди. Миллий фанлар академияси сейсмология институти зилзила марказида 8 балл бўлганлигини маълум қилди.


Бошқа мақолалар