- 2016-02-27
“Барселона” футбол клубининг бразилиялик ҳимоячиси Дани Алвес испан клубидан кетишини маълум қилди. Бу ҳақда у ўзининг “Instagram” саҳифаси орқали билдирди.
Афсонавий футболчи футбол ишқибозлари билан хайрлашиб, ҳамкасбларига миннатдорчилик билдирди.
Алвес “Ҳаётдаги барча нарса каби вақт ўтиши билан ҳар ким ўз йўли билан кетади. Мени муддатидан аввал нафақага чиқаришга уриниб кўришди, лекин эплай олишмади. Чунки мен мақсадим йўлида собитқадам бўлдим. Менинг бу ерга қайтиб келиб, хайрлашувим учун яна кўп йиллар ўтди. Ушбу жамоага қайтиб келишим ва бу қийматли формани кийишимга имкон бергани учун барчага ўз миннатдорчилигимни билдираман” деб ёзди.
Дани Алвес тарихдаги энг унвонли футболчи ҳисобланади. У мусобақаларда 35 бор ғалаба қозонган британиялик Кенни Далглиш ва Райан Гиггзни ҳам ортда қолдирди. Алвес Франция, Италия, Баризилия ва Испания чемпионатларида ғолиб бўлди, шу ўлкалар миллий кубокларини қўлга киритди. Бразилия терма жамоаси таркибида икки марта Америка кубоги ва Конфедерация кубоги, Олимпиада ўйинлари ва ёшлар орасида жаҳон чемпионати ғолиби бўлди.
“Барселона” сафида 2008 йилдан 2016 гача тўп сурган Алвес ушбу клуб таркибига яна 2021 йил ноябрь ойида қайтиб келди. Ўйинчи билан шартнома жорий йилги мавсумнинг охиригача тузилган эди.