- 2018-05-21
Туркистон вилояти ҳокими Умирзақ Шукеев 15 июнда ўтказилган матбуот анжуманида келгуси йилларда Туркистон шаҳри қандай ривожланишини гапириб ўтди. Ҳоким Туркистон шаҳрини ривожлантириш бўйича биринчи босқич якунига етганини ва иккинчи босқичга старт берилганини таъкидлади. Иккинчи босқичда тўртта ҳудуддаги лойиҳаларни 2025 йилгача амалга ошириш режалаштирилган.
Биринчи ҳудуд аэропорт ҳудуди бўлиб, у ерда 12 та лойиҳа амалга оширилади: 100 ўринлик меҳмонхона, боғ, 50 гектарга иссиқхона, 10 минг бош йирик қорамол бўрдоқилашга мўлжалланган пункт, 1200 бош қорамолга мўлжалланган сут-маҳсулот фермаси. Иккинчи, маъмурий-бизнес ҳудудида 57 та объект қурилиши режалаштирилган. Халқаро теннис маркази қурилиб битказилган. Муз саройи қурилиши давом этмоқда. Бундан ташқари, от-спорт мажмуаси, дам олиш ва соғломлаштириш объектлари, муҳандислик инфратузилмаси қурилади. Ушбу ҳудудда жами 4,8 миллион квадрат метр турар жой ва 46 минг хонадон фойдаланишга топширилади.
Учинчи ҳудуд Бекзод Саттархонов проспекти, тўртинчи ҳудуд эса маданий-маънавий марказдир. Сўнгги ҳудудда Култўбе шаҳридаги тарихий обектларни тиклаш, “Ҳазрат Султон” музей-қўриқхонаси ҳудудини ободонлаштириш режалаштирилган. Бундан ташқари, “Карвон сарой” турар жой мажмуаси, “Аманат” коттеж шаҳарчаси, “Medina Palace” меҳмонхонаси ва “Қилует” маданий-маънавий маркази қурилмоқда.