Швеция ва Финляндия НАТОга кирмоқда


  • 30 Июнь, 2022
  • 204

Чоршанба куни Мадриддаги НАТО саммитида Швеция ва Финляндия альянсга аъзо бўлиш учун расмий таклиф олди. Туркия барча эътирозларини қайтариб олган ва энди иш фақат аъзо давлатлар парламентларида қолган - аммо уларнинг барчаси янги аъзоларни маъқуллашига ҳеч ким шубҳа қилмаяпти.

“Финляндия ва Швециянинг қўшилиши [альянс аъзолари] хавфсизлигини оширади, НАТОни кучайтиради ва Евроатлантика регионини янада хавфсизроқ қилади”, - дейилган НАТОнинг янги стратегик концепцияси тавсифланган баёнотида.

Сешанба куни Мадриддаги музокаралардан кейин Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Финляндия ва Швеция раҳбарлари билан скандинав давлатларининг иттифоққа киришини секинлаштириши мумкин бўлган даъволарини бекор қилувчи қатор хавфсизлик чораларини келишиб олди.

Мадриддаги учрашув арафасида Туркия томони икки скандинав давлати ҳамда АҚШ вакиллари билан музокаралар ўтказиб, Швеция ва Финляндияга ўз талабларини хат кўринишида тақдим этганди, Анқара икки янги аъзонинг НАТОга қабул қилиниши учун ушбу шартлари бажарилишини талаб қилиб келаётганди.

Финляндия президенти Саули Ниинистё саммитнинг илк кунидаёқ муваффақиятга эришилганини айтди - уч давлат томонларнинг қайси бирининг хавфсизлигига таҳдид юзага келган тақдирда бир-бирини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳақидаги қўшма меморандумни имзолади.

Анқара Швеция ва Финляндиянинг НАТОга аъзолигига рози бўлди. Турклар ҳам ўзи истаганини олди

Анқаранинг Шимолий Атлантика альянси бўйича бўлажак ҳамкорларига эътирозлари қаторида Туркия террорчи ташкилот деб ҳисоблайдиган Курдистон ишчилар партияси (РКК) қўллаб-қувватланиши масаласи ҳам бор эди.

Альянс бош котиби Йенс Столтенберг келишув доирасида Анқара Швеция ва Финляндиядан Истанбул томонидан терроризмда айбланган мигрантларни Туркияга экстрадиция қилиш тўғрисидаги ваъдани олганини айтди. Столтенбергнинг ўзи ҳам баёнотида Курдистон ишчилар партиясини террорчи ташкилот деб атаган.

Бундан ташқари, Анқара замонавий қуроллар етказиб беришга қўйилган чекловлар бекор қилинишини талаб қилган - эмбарго Туркия ҳарбийлари Сурияга кирганидан кейин ва Россиядан ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари сотиб олингани туфайли жорий этилганди.

Туркия ҳукумати вакиллари расмий изоҳларида Швеция ва Финляндия билан музокараларда “ўзлари истаганини олишгани”ни қайд этишган.

Энди шведлар ва финнларнинг аризалари аъзо давлатлар парламентлари томонидан маъқулланиши керак ва бу жараён маълум вақтни олади. Аммо таҳлилчилар буёғига қандайдир сюрпризлар бўлишини кутишмаяпти.

Амалда ҳар икки давлат учун ҳам кўп нарса ўзгармайди: Швеция ҳам, Финляндия ҳам 1994 йилдаёқ НАТОнинг расмий ҳамкорларига айланишган, ўтган вақт мобайнида альянс армиялари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келишган ҳамда унинг барча техник ва институционал талабларига жавоб беради.

Асосий ўзгариш - бу Шимолий Атлантика шартномасининг бешинчи моддаси бўйича, унда НАТОнинг бирор давлатига ҳужум бутун иттифоққа ҳужум сифатида кўрилади ва барча ҳужумга учраган давлатга ёрдамга отланади.

kun.uz дан олинди.


Бошқа мақолалар