Мамлакатда исёнчилар яна бир шаҳарни эгаллаб олди


  • 18 Февраль, 2025
  • 20

Конго Демократик Республикасида (КДР) Руанда армияси ва 23 март ҳаракати (M23) исёнчи гуруҳи Жанубий-Киву вилоятининг пойтахти Букавуни босиб олгани ҳақида хабар берилди.

КДР ҳукумати Ахборот вазирлиги томонидан берилган баёнотда, M23 аъзолари ва Руанда аскарлари Букаву шаҳрини эгаллаб олгани таъкидланди.

Ушбу босқин халқаро келишувларнинг очиқдан-очиқ бузилиши экани қайд этилган баёнотда, Руанданинг КДР ҳудудида ноқонуний операциялар олиб бораётгани маълум қилинди.

M23 аъзолари ўтган ойда ҳам Шимолий-Киву вилоятининг пойтахти Гомани эгаллаб олган эди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) маълумотига кўра, Гома шаҳри учун бўлган тўқнашувларда ҳалок бўлганлар сони 3 минг нафарга яқинлашган. КДРнинг шарқидаги можаролар сабабли йил бошидан буён 500 мингдан ортиқ киши ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.

БМТ ва КДР ҳукумати M23 ҳаракатига Руанда ёрдам бераётганини иддао қилмоқда, бироқ Руанда бу айбловларни рад этмоқда. КДРнинг шарқида хавфсизликни таъминлаш мақсадида минтақавий давлатлар томонидан 23 март 2009 йилда имзоланган тинчлик келишуви бузилгандан сўнг, "23 март ҳаракати" номи остида тузилган ушбу гуруҳ "M23" деб аталишни бошлаган.

M23 ҳаракати асосан Руанда Президенти Поль Кагаме билан бир хил қабилага мансуб тутсилардан ташкил топган.


Бошқа мақолалар