- 2016-07-13
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Америка қитъасини Колумб эмас, мусулмонлар кашф қилишганини айтди.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Америка қитъасининг 1492 йил Колумб тарафидан кашф этилганлигини иддао этилишини маълум қилиб “Колумбдан 314 йил аввал мусулмон денгизчилари Америка қитъасига сузиб келишган. Христофор Колумбнинг хотираларида Куба соҳилларида тоғнинг тепасида масжид борлиги ҳақида ёзилган. Кубалик биродарларимиз билан бу ҳақида бир қарорга келамиз. Бугунги кунда ҳам тоғнинг тепасида масжид бўлса ярашади” деди.
Эрдўғон диний ишлар қўмитаси мезбонлигида ташкил этилган 1-Лотин Америка мусулмон диний лидерлар кенгашининг ёпилиш мажлисида Туркия ва Лотин Америка ўлкалари орасидаги дўстлик муносабатларига тўхталди.
Йиғилишга 41 давлатдан 71 нафар вакил келганини маълум қилган Эрдўғон “Бир-бирларини яхши таниб олдилар, фикр алмашдилар” деди.
Эрдўғон йиғилишнинг Истанбулда ўтказилишидан жуда мамнун эканлигини таъкидлаб, шундай деди: “Бироз аввал Кубалик биродарларимиз бизни Кубага таклиф фқилди. Насиб бўлса, 2015 йилнинг бошларида Кубага бориш ниятимиз бор. 2015 йили Лотин Америкаси ва Африка ўлкаларига бир қатор сафарлар уюштирамиз. Бу ҳафта насиб бўлса, Жазоир ва Эквадорга борамиз. Бу ишларнинг нақадар масъулиятли эканлигини ҳис қилиб турибмиз.”
Исломни инсоннинг ўз танлови ва иродаси билан ишониши билан бирга Аллоҳнинг инсонга бахш этган энг катта ҳадяси эканлигини такидлаган Эрдўғон қуйидагиларни гапирди: “Агар қалблари, қулоқлари муҳрланган бўлса, кўзлари пардаланган бўлса, қанчалик тушунтирсангиз ҳам улар тушунмайди. Бизнинг вазифамиз сўнги нафасимизгача Ҳақни етказиш ва инсонларни Унга даъват қилишдир. Ифтихор билан шуни айта оламанки, Пойтахти Истанбулда бўлган Усмонли давлати дунёнинг кўп ўлкаларида бўлганидек, Лотин Америка ўлкаларига бориб, у ерларда таблиғ вазифасини бажарган.”
Туркия президенти Эрдўғон 1866 йили икки Усмонли кемасининг Африканинг жанубий бурнидан Басрага бориш учун йўлга чиқиб, лекин йўлидан адашиб, Бразилиянинг Рио шаҳрига борганлигини айтди. Эрдўғон қуйидагиларни гапирди: “Кемадаги олим зот бўлган Абдурраҳмон афанди Бразилияда қолди ва йиллар давомида бутун Лотин Американи айланиб, исломни тушунтирди. Бундан ташқари, 19- ва 20- асрларда Усмонли давлати парчаланаётганида кўплаган мусулмонлар Лотин Америкасига хижрат килиб, кўчиб кетишди. Бу мусулмонлар Усмонли паспортига эга бўлгани учун “эл турко” деб танилишди ва ҳозиргача шу ном билан аталадилар. Буни Аргентина ва Мексикада ҳам кўрасиз. Тахминан 100 йиллар аввал Туркиянинг мустақиллик уруши даврида Аргентина давлати бошчилигида бутун Лотин Америка мусулмонлари ёрдам тўплаб, Қизил ярим ой жамияти орқали Туркияга етказишган.”
Усмонли давлати ва бошқа ислом давлатларининг Лотин Америка ўлкаларидаги таблиғ фаолиятларини сиёсий орзуларининг воситаси сифатида фойдаланмаганини гапирган Эрдўғон “Ислом дини асло ва асло мустамлакалаштириш, қулга айлантиришга восита бўлмади. Бошқалар ҳукмини ўтказиш учун динини восита қилиб фойдаланиш билан юрган пайтларда мусулмонлар фақат таблиғ қилиш пайида бўлишди” деди.