Шомнинг "чироғи” сўнди!


  • 28 Март, 2013
  • 1479

Суриянинг, ҳатто ислом дунёсининг буюк олимларидан Саййид Рамазон ал-Бутий ўзи дарс бериб юрган масжидига қилинган ҳужум натижасида қазо топди. Бу жиноятни ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмади. Ҳукумат исёнчиларни, улар эса ҳукуматни айблади. 

Профессор Акрам Буғро Экинчи – Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутий 1929 йили Туркия-Ироқ чегарасида Жизранинг Жалака қишлоғида дунёга келди. Бўтан қабиласига мансуб курд бўлган отаси Мулла Рамазон (1888-1990) айни вақтда Нақшибандия тариқати шайхи эди. Оиласи 1934 йили ҳукуматнинг диндорлар устидан юргазган салбий сиёсатидан қочиб, Шомдаги курд маҳалласи бўлмиш Рукниддинга бориб жойлашди. Бу ерда расмий вазифа олмасдан иршод билан машғул бўлди. Ёлғиз ўғли Муҳаммад Саид машҳур шофеъий олими Ҳасан Ҳабаннакадан илм ўрганди. Ал-Азҳарда ўқиди. Фиқҳ бўйича докторликни ҳимоя қилди. Шом шариат факультети декани бўлди. “Мазҳабсизлик исломиятга таҳдид солувчи энг катта фитнадир” китоби модернизм билан курашда янгича бир йўл очди. Модернистлар билан тинмай мунозара қилди. Дунё миқёсида шуҳрат қозонди. Сунний мусулмонларнинг таянчига, маънавий ҳомийсига айланди. Расулуллоҳ ҳаётини ёритувчи “Фиқҳус-Сийра” билан шаърий ҳукмларда илоҳий мақсадларнинг ўрнини ўргатувчи “Давобит-ул-маслаҳа” китоби жуда қийматлидир. 60 га яқин асари бор. Газета, журналларда давомли актуал диний мақолалар ёзар, ҳар ҳафта телевидениеда ваъз берарди. Умавий масжидидаги хутба ва дарсини юзлаган кишилар қолдирмай тинглардилар. 

Биз Асадга розимиз!

1963 йили Сурияда аҳолининг 10%ини ташкил этувчи шиа нусайрийлар армияни ва полиция ташкилотини қўлга киритиб, ҳукуматни эгаллаб олишди. Саид Рамазон авваллари яқин муносабатда бўлган “Иҳвон-ул-муслимин” ташкилотининг нусайрийларга ва ҳукумат кучларига тажовузларига қарши чиқди. 1982 йили Хама қатлиомидан аввал мусулмонларни ҳукуматга итоатга чақирди. Шу сабабли радикал қарашли гуруҳлар тарафидан “тузумнинг одами” ва “Асаднинг фатвочиси” сифатида кўрилди. Ҳаттоки Балъом бин Баурага ўхшатилди. Ҳолбуки Саид Рамазон, золим ва динсиз бўлса ҳам, ҳукуматга итоат қилишнинг аҳли суннатнинг энг асосий тамойили эканлигини, зулмни бартараф қилиш учун исён қилишнинг бундан ҳам каттароқ зулмга йўл очиши мумкинлигига эътибор қаратди. Ҳозир бўлаётган исённи ҳам қўллаб-қувватламади. Орқасида бегона кучлар турганлигига ва оқибатда радикал ваҳҳобий ҳокимиятига сабаб бўлишига диққат қаратди. Ҳақиқатан Сурия, халқ ичида тарафдорлари бўлмаган Ливия, Тунис ва Мисрга ўхшамайди. Бу ерда инқилоб гражданлар уруши сифатида бир неча йиллардан бери давом этмоқда. Кўп қон тўкилди. Натижада Афғонистондан ҳам баттар ҳолга тушди. Сурия ҳукумати 10%лик озчилик бўлган шиаларнинг кучига ва Россия, Хитой каби социализм давридан қолган кучли иттифоқдошларига орқа суяган эди. Саид Рамазон вақти келганда ҳукуматни ҳам танқид қилишдан чекинмасди. Қайси томондан келса ҳам, доимо зулмга қарши чиқди. 20 йил аввал “Биз Ҳофиз Асадга ҳам розимиз. Чунки ҳарбийлар ичида (зулмда) унинг ўрнини боса оладиган кўплаган кишилар бор” деб ўз хавотирини билдирган эди. Сурия тузумини маъқулламаслигини, лекин фитнага қарши туришини айтган эди. Бутий сунний ақидадан келиб чиққан муроса қила олиш хусусияти билан Ҳофиз Асаднинг диққатини тортди. Асад уни ўзига яқин олди. Ундан диний дарс олишни ҳам истади. Депутатликни, ҳатто вазирликни таклиф қилса-да, Бутий буни қабул этмади. Фақат халққа дарс беришига рухсат этишини илтимос қилди. Ҳофиз Асад бунга розилик берди. Унинг устига телевидениеда тақиқланган диний кўрсатувларга рухсат берилишини, диний китоблардаги цензуранинг олиб ташланиши, расмий жойларда тақиқланган ҳижобга рухсат берилишини таъминлади. Ҳофиз Асад Бутий билан бўлган муносабатидан кейин халқига бўлган муносабатида анча юмшади. 

“Кимки дунёда кўр бўлса, охиратда ҳам кўрдир”

Бошига ўраган салласи, қизил бош кийими ва тўқ рангли чопони билан "Усмонли олими" деган қиёфасини доимо муҳофаза қилди. Турк тилида эркин гаплашарди. Туркларга ва Туркияга бўлган муҳаббати кучли эди. Ваъзларида ахлоқ ҳақида кўп гапирарди. Жуда нуктадон эди. Фиқҳ масалаларида теран билимли эди. Фатволари очиқ ва ишончли бўларди. Закий ва ҳозиржавоб эди. Мунозараларида теран илмли эканлиги шундоққина билиниб турарди. Бир вақтлар Саудия Арабистони бош муфтийси лавозимида Абдулазиз бин Боз ўтирарди. Унинг икки кўзи кўр эди. Бундан 20 йил аввал бин Боз Риёддан, Бутий эса Шомдан телеконференция орқали бир теле кўрсатувга иштирок этишганди. Бин Боз Аллоҳнинг қўли, кўзи борлигини, инсонларга ўхшашини оятлардан далил келтириб исботлашга уринди. Бутий бу оятларнинг маъжозий эканлигини узундан-узоқ тушунтирди. Бин Боз ўжарлик билан, гапида туриб олди. Шунда Бутий: “Қуръони каримда “Кимки бу дунёда кўр бўлса, охиратда ҳам кўрдир. Унинг борар жойи қандай ёмон жой.” дейилган”- деб суҳбатдошининг (илман ва моддан) сўқирлигига ишора қилди. Яъни “маъжозга ишонмасанг, сен ҳам жаҳаннамликсан”демоқчи бўлди. Ҳолбуки ояти каримадаги кўрлик, ҳақиқатни кўрмаслик, яъни имонсизликка ишорадир. Бин Боз бунга жавоб беролмай, бўзарди. 


Бошқа мақолалар