- 2013-04-13
Россиянинг энг йирик хусусий нефть ширкати Лукойлнинг пайшанба куни касалхонада деразадан қулаб жони узилган бошқарув кенгаши раиси Равил Маганов бу йил ўз жонига қасд қилиш ёки бахтсиз ҳодиса туфайли ўлган бир қатор нефтчи бошлиқларнинг охиргиси бўлди. Давлатга тегишли хабар агентлиги “TASS” Магановнинг ўз жонига қасд қилганлигини билдирди. Қуйида сўнгги тўққиз ойда сирли равишда ўлган россиялик нефтчи бошқарувчилар рўйхатини келтирамиз:
1. Леонид Шульман. Россия давлат энергетика ширкати “Газпром”нинг юқори лавозимли бошқарувчиларидан Леонид Шульман 30 январда Ленинский қишлоғидаги бир кулбада ўлик ҳолда топилди. Воқеа жойида ўлим олди видолашув мактуби топилди. Хатда синган оёғида чидаб бўлмас оғриқ туфайли ўз жонига қасд қилганлиги ёзилган.
2. Александр Тюлаков. “Газпром”нинг яна бир топ-менеджери. Орадан тахминан бир ойлар ўтгач айни шу қишлоқдаги бир гаражда ўлик ҳолда топилди. Ўлим ўз жонига қасд қилиш натижасида юз берган деган хулосага келинди. Гувоҳлар уни бир кун аввал аёвсиз калтакланган ҳолда кўришган.
3. Михаил Уотфорд. Нефт-газ соҳаси орқали миллиардер бўлган асли украиналик олигарх Тюлаковнинг ўлимидан уч кун кейин унинг Англиядаги уйида ўлик ҳолда топилди. Инглиз полициячилари унинг ўлимини тушунарсиз, лекин шубҳали эмас деб топишди.
4. Владислав Аваев. Россиянинг энг йирик банкларидан “Газпромбанк”нинг собиқ вице-президенти аёл ва қизи билан бирга 18 апрелда Москвадаги уйида ўлик ҳолда топилди. Полиция Аваевнинг қўлида тўппонча топилганлигини маълум қилди. Воқеа қотиллик ва ўз жонига қасд қилиш деб баҳоланди.
5. Сергей Протосеня. Аваевнинг ўлимидан бир кун кейин “Новатэк” газ компаниясининг собиқ бошқарув кенгаши раиси ўринбосари Испаниядаги виллада осилган ҳолатда топилди. Аёли ва қизи ҳам айни виллада пичоқланиб ўлдирилган ҳолатда топилди. Воқеа қотиллик ва ўз жонига қасд қилиш деган хулоса билан якунланди.
6. Александр Субботин. “Лукойл”нинг собиқ топ-менеджери май ойида Москва яқинидаги бир уйнинг ертўласида ўлик ҳолда топилди. Субботин юрак хуружи натижасида ҳушидан кетганлиги маълум қилинди.
7. Юрий Воронов. “Газпром” билан Арктикада шартнома асосида ишлайдиган транспорт-логистика компанияси бошлиғи июль ойида ўз уйининг ҳовузида ўлик ҳолда топилди. У бошига ўқ узилган ҳолатда ва ёнида тўппонча билан топилган.