- 2024-06-07
Ўзбекистон Қирғизистондан 30-40 йилга илгарилаб кетган. Бу ҳақда Қирғизистон президенти Садир Жапаров парламент мажлисида чегара ҳудудлари бўйича келишувни муҳокама қилиш пайтида гапирди.
Муҳокама вақтида бир нечта депутатлар Кампиробод сув омбори яқинидаги ерлар Ўзбекистонга берилишидан норози бўлишди. Ўз навбатида Жапаров депутатларни популизмга берилмасликка чақирди.
Жапаров “Баъзи бақироқлар сув омборини эмас, бошқа ер беришимиз кераклигини айтишмоқда. Лекин ўзбек дўстларимизнинг калласи яхши ишлайди. Улар биздан 30-40 йил илгарилаб кетган. Биз эса фақат бақириб-чақиришни биламиз. Вертолёт-самолётлар ҳақида гапирмай қўяқолайлик, лекин 30 йил давомида биз ҳатто гугурт чиқарадиган фабрика ҳам қуролмадик. Агар биз уларга бошқа ерларни таклиф қилсак, улар дарров рози бўлишади. Чунки улар сув омбори қуриб қолмаслигини билади, бу вақтда эса бошқа унумли ердан фойдаланиб, ҳосил олишади. 10 йил, 100 йилдан кейин алмашамиз, лекин унгача келинглар бу ерлардан ўзимиз фойдаланайлик. Келинглар бугун ушбу масалага нуқта қўяйлик. Масала фақатгина Узган туманида эмас, 1,5 минг кмлик бутун қирғиз чегараси масаласи ҳал этилмоқда” деди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Қирғизистон вазирлар маҳкамаси билан Кампиробод сув омборидан биргаликда фойдаланиш бўйича келишувни ратификация қилганди.