- 2024-05-14
Қозоғистондаги мактабларда бошланғич синф ўқувчилари учун бепул овқат ташкил қилиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда янги таълим вазири Ғани Бейсембаев маълум қилди.
Бейсембаев ўз чиқишида “Болаларнинг ривожланишида сифатли овқатланиш асосий роль ўйнайди. Шу сабабли болаларни овқат билан таъминлаш нормативларини қайта кўриб чиқиш, барча бошланғич синф ўқувчилари учун бир маҳал иссиқ овқат ташкил қилиш, ошхоналарда нақд пулсиз тизимни жорий қилиш режалаштирилмоқда” деди.
Янги вазир 2022 йили 136 минг ўринлик 247 янги мактаб қурилганлигини таъкидлади. Кичик шаҳарлардаги, туман марказларидаги ва қишлоқлардаги мактабларни модернизация қилиш лойиҳаси асосида 421 мактабда ошхона, 814 кутубхона янгиланди. 475 мактаб учун 634 та фан кабинетлари ташкил этилди. 264 мактабда жорий ва капитал таъмирлаш ўтказилди.
Ғани Бейсембаев кичик шаҳар ва қишлоқлардаги мактабларни модернизация қилиш ишлари давом этишини билдириб, мавжуд мактаблардаги инфраструктура ва хавфсиз шароитлар яхшиланишини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, Ғани Бейсембаев 2023 йилнинг 4 январида таълим вазири лавозимига тайинланганди.