- 2018-03-09
Алматида маҳаллий аҳолининг қандай ҳаводан нафас олаётганини кўрсатадиган қимматбаҳо аппарат ўрнатишди. Ушбу техника ёрдамида мутахассислар аллергик реакцияни келтириб чиқарувчи чанг зарраларини аниқлашди. Шифокорлар эса снгги бир йил ичида бурун битиши ва дерматит билан касалланганлар сони 20%га ошганлигини айтишди.
Алматида кундан-кунга нафас олиш хавфли бўлиб бормоқда. Аллергологлар шундай хулосага келишди. Мутахассислар “Ҳаво кулранг тусга кириб, ундан метал таъми келмоқда. Шундай бўлгач, одамларни сурункали аллергия, дерматит, бурун битиши ва бош оғриқлар учраши табиий ҳол” дейишмоқда.
Аллерголог шифокор Элеонора Старцева “Бизда нафақат кўплаб ўсимлик ва дарахтлар бор, бундан ташқари шаҳар техник ва кимёвий газларга жуда тўйинган” деб изоҳлади.
Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кра, ҳар йили дунёда 6,5 миллион одам ҳаво ифлосланишидан ҳалок бўлади. Алматида ушбу муаммо билан курашишни атмосферага зарарли газлар чиқишини ҳисоблашдан бошлашди.
Ҳаводаги чанг зарраларини санайдиган аппарат Алматининг бешта туманига ўрнатилди. Маълумотлар ҳар 20 дақиқада янгиланиб туради. Ушбу рақамлар автоматик тарзда мутахассисларга етказилади.
“Казгидромет”даги мутахассислар “Алмати ҳавосида Менделеев таблицасидаги барча элементларни учратиш мумкин” дейишмоқда. Буларнинг ҳаммаси одам соғлиги учун фойдали эмас. Ҳатто оддий тумовлаш ҳам бу ерда осон кечмайди. Ўткир бронхит касаллиги ҳам кўп учрамоқда. Бундан ташқари бош оғриғи ва уйқусизлик ҳам ҳаво ифлосланишининг оқибатларидир.
Айниқса шаҳарнинг қуйида жойлашган қисмида нафас олиш оғир. Тоғларга яқин жойларда эса ҳолат анча яхши.