Қизилўрда вилоятига янги ҳоким тайинланди


  • 8 Май, 2026
  • 17

Мурат Ергешбаев Қизилўрда вилояти ҳокими этиб тайинланди. Тегишли фармонни давлат раҳбари имзолади.

“Ергешбаев Мурат Нальхожаевич Қизилўрда вилояти ҳокими этиб тайинлансин”, дейилади президент фармонида.

Мурат Ергешбаевнинг биографияси

Мурат Ергешбаев 1966 йил 12 апрелда Қизилўрдада туғилган. 1989 йилда Олмаота халқ хўжалиги институтини иқтисодчи мутахассислиги бўйича тамомлаган.

1999 йилда Қозоғистон Республикаси президенти ҳузуридаги Миллий олий давлат бошқаруви мактабини тугатиб, давлат хизмати менежери бўлган.

Меҳнат фаолиятини 1989 йилда Сирдарё туманидаги совхозда иқтисодчи сифатида бошлаган.

1990 йилдан 1993 йилгача Сирдарё агросаноат бирлашмаси ишлаб чиқариш-иқтисодий бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган. Кейинчалик “Alem Bank Kazakhstan” акциядорлик банкининг Қизилўрда вилоят бошқармасида мутахассис, кредит бўлими бошлиғи ва бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимларида фаолият юритган (1993-1996).

1996 йилда Қизилўрда вилояти ҳокими ўринбосарининг маслаҳатчиси этиб тайинланган.

1998 йилдан “Қозоғистон Халқ банки” АЖ Қизилўрда вилоят филиалини бошқарган.

Кейинчалик ижтимоий ҳимоя ва молия соҳасида бир қатор лавозимларда, жумладан, Қизилўрда вилояти меҳнат, бандлик ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари (2002-2004) ҳамда Қизилўрда шаҳар ҳокими аппарати молия бўлими бошлиғи (2004-2006) бўлиб ишлаган.

2006 йилда ҚР Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг “Өрт сөндіруші” АЖ иқтисод ва молия бўйича вице-президенти бўлган.

2008 йилдан 2010 йилгача Қизилўрда шаҳри ҳокими лавозимида фаолият юритган. Шундан сўнг Қизилўрда вилояти молия бошқармаси бошлиғи (2010-2011), Қармақчи тумани ҳокими (2011-2013), шунингдек, Шиели тумани ҳокими (2013-2015) бўлган.

2015 йилдан 2017 йилгача “КазАгроПродукт” АЖда бошқарувчи директор лавозимида ишлаган.

2017 йилдан 2021 йилгача Қазали тумани ҳокими, 2021 йилдан 2023 йилгача эса Қизилўрда вилояти Сирдарё тумани ҳокими бўлиб фаолият юритган.

2023 йил март ойидан буён “AMANAT” партияси рўйхати бўйича Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилисининг VIII чақириқ депутати эди.

Эслатиб ўтамиз, Қизилўрда вилояти ҳокими лавозимида 2022 йил апрель ойидан 2026 йил май ойи бошигача Нурлибек Налибаев ишлаган. 6 май куни у Қозоғистон бош вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди.

Шунингдек, 5 май куни давлат раҳбарининг фармони билан Роман Скляр Президент администрацияси раҳбари этиб тайинланди. У аввал эгаллаб турган бош вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилди.


Бошқа мақолалар