Франциянинг иғвоси бефойда бўлди


  • 18 Май, 2023
  • 198

Тоғли Қорабоғни Арманистон асоратидан қутқарган Озарбайжон Франциянинг босимларига дуч келганди. Арманистон бош вазири Никол Пашинян бугун эътиборни тортувчи баёнот берди. Пашинян Арманистон 86 минг 600 км квадратлик майдон билан Озарбайжон яхлитлигини, Озарбайжоннинг ҳам 29 минг 800 км квадратлик майдон билан Арманистон яхлитлигини тан олганлигини маълум қилди. Пашинян бу баёноти билан 2020 йили Тоғли Қорабоғ уруши натижасида Озарбайжон назоратига ўтган Тоғли Қорабоғнинг Озарбайжон ҳудуди эканлигини тан олди.

Тоғли Қорабоғ икки ярим йил аввал аввало Туркиянинг дастаги билан Арманистон асоратидан қутқарилганди. Лекин Франция Тоғли Қорабоғнинг асл соҳиби бўлган Озарбайжоннинг қўлига ўтишидан ҳис қилаётган безовталигини ҳар фурсатда айтиб, бу борада бир нача қадам ташлаганди. Арманистон бош вазири Никол Пашинян бугун берган баёноти билан бутун иғволарга қарамай тинчликни танлади.

Хабарга кўра, Исландия пойтахти Рейкьявикда ўтказилган Европа кенгаши саммитида иштирок этган Арманистон бош вазири Никол Пашинян Озарбайжон ва Арманистон алоқаларига доир изоҳлар берди. Пашинян Бельгия пойтахти Брюсселда 14 майда Европа иттифоқи кенгаши раиси Шарль Мишел мезбонлигида Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан ўтказган учрашувида олдинга қадам ташлаганликларини сўзлади.

Пашинян Озарбайжон ва Арманистон давлатларининг яхлитлигини тан олишини таъкидлаб, халқаро механизмлар доирасида ва Тоғли Қорабоғдаги арманларнинг хавфсизлик ҳамда инсон ҳақ-ҳуқуқларини таъминланиши мақсадида музокараларни бошлаш кераклигини айтиб ўтди.

Пашинян қилган баёноти билан урушдан кейин Озарбайжон назоратига ўтган Тоғли Қорабоғни Озарбайжон ҳудуди эканлигини тан олган бўлди.

Россия ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова Озарбайжон ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов ва арман ҳамкасби Арарат Мирзоян 19 май жума куни Москвада тинчлик бўйича музокаралар олиб боришини маълум қилди. Захарова шу куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг озарбайжон ва арман ҳамкасблари билан учрашишини билдирди.

Франция сенати ва миллий мажлиси ҳукуматга Озарбайжонга санкция киритишни, Арманистонга эса ёрдамни кўпайтиришни тавсия қилувчи қарорлар қабул қилганди. Қарорлар Озарбайжонда норозилик келтириб чиқарганди. Президент Илҳом Алиев “Урушда ғолиб бўлишимиз Францияда кўплаб одамларни безовта қилиб қўйди. Тарихга назар ташласангиз ҳам ОБСЕ Минск гуруҳининг, айниқса, раисларидан бири бўлган Франциянинг муаммо ҳал этилмаслиги учун куйиб пишганлигини кўрамиз. Озарбайжонга қарши ҳаракатларининг асосий сабаби уларнинг режаларини бузганлигимиз ва ҳимоясига олган Арманистонни қутқара олмаганликлари деб биламан” деб гапирганди.  

Арман аҳоли ҳам яшайдиган Қорабоғ бутун давлатлар томонидан Озарбайжон ҳудуди деб тан олинган. Ҳатто Арманистон ҳам бугунгача Қорабоғдаги арман бошқарувини расман тан олмади.


Бошқа мақолалар