Вулқон шаклидаги лаънат


  • 8 Апрель, 2012
  • 1816

 

Тарих ҳақиқати

Инсоният фан-техникада ҳар қанча тараққий этмасин, барибир унинг англашга ақли, аралашишга қурбиvolcan етмайдиган нарсалар кўп. Одамлар ўзларини энг ақлли мавжудот санаб, ҳарчанд манманликка берилмасинлар, вақти-вақти билан уларнинг «танобини тортиб» қўювчи воқеа-ҳодисалар содир бўлиб туради. Тарихга назар солар эканмиз, муайян жамият ўзидан кетган, тўқликка шўхлик қилиб, Аллоҳни унутган кезларида улар бошига кутилмаган табиий офатлар ёғилганига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Муқаддас китобларда, йилномаларда тафсилоти баён этилган қатор фалокатларни, аслида, ибрат олиб, ҳаётимизни тўғри йўлга қўйишимиз учун бизга йўлланган огоҳномалар, дейиш мумкин. Тарихнинг ана шундай сабоқларидан бири - Везувий вулқонининг отилиши ва унинг ёнидаги Помпей ва Геркуланум шаҳарларини йўқ этиши ҳодисасидир.

Айтишларича, вулқон отилиши ёки шу каби табиий офатларнинг юзага келишига аслида шу ҳудудда яшовчи аҳолининг йиллар давомида йиғилган салбий энергияси сабаб бўлармиш. Бу фаразнинг ҳақиқат ёки уйдирма эканини аниқлаш учун, фалокат жойи атрофидаги кишилар тўғри ёхуд гуноҳкорона ҳаёт кечираётганларини таҳлил қилиш кифоя.

Везувий тарихидан

Везувий бундан минг йиллар муқаддам Неаполь қўлтиғида сув ости вулқони сифатида вужудга келган. Кўп сонли отилишлар ва тектоник ҳаракатлар туфайли, асрлар ўтиши билан у анча йирик оролга айланган. Кейинчалик, вулқондан отилиб чиққан лава ва рудалар орол атрофидаги денгиз тубини тўлдириб, уни қитъа қуруқлиги - Апеннин ярим ороли билан боғлаган.

Олимларнинг ҳисоб-китобларига қараганда, Везувийнинг илк отилиши тахминан 10000 йиллар олдин юз берган. Кейинчалик, қуруқликка қўшилиб кетган вулқоннинг ҳаракати сийраклашгач, унинг ёнбағрига одамлар келиб ўрнаша бошлашган. Илк чорвадорлардан бўлган бу қабилани осканлар деб аташарди.

Тахминан эрамиздан аввалги 800 йилда уларнинг ўрнини қадимий юнон (грек)лар эгаллашган. Улар мазкур ҳудудларда бутун бошли шаҳарлар барпо этишган, ўрмон ва ҳосилдор ердаги деҳқончиликка, чорвачиликка асосланган қишлоқ хўжалигини йўлга қўйишган. Бу ҳудуднинг иссиқ иқлими олма, нок, анжир, олча, қовун, бодом ва анор каби мевалар, турли сабзавотлар ва узум навларини етиштиришда жуда қўл келарди. Ўша даврларда деҳқонлар буғдойдан йилига икки марта, арпа ва бошқа донли экинлардан бир марта ҳосил олишган.

Қилмишлар ҳисоб-китоб қилинади!

Везувий вулқонининг шундоққина биқинида Помпей ва Геркуланум шаҳарлари вужудга келди. Уларда ҳаёт катта тезлик билан гуллаб-яшнаб борарди. Эрамиз бошларига келиб, улар бутун Рим империяси миқёсида энг бой ва тараққий этган шаҳарлар сифатида тан олинганди.

Чиндан ҳам, Помпей шаҳри Апеннин ярим оролининг ҳақиқий дурдонасига айланганди. Бу ерда ажойиб бинолар - Юпитер ибодатхонаси, форум, амфитеатр кабилар барпо этилганди. Амфитеатр 16000 томошабинни ўз ичига сиғдира олар, у ерда юнон ва римлик муаллифларнинг турли пьесалари намойиш этилар, шунингдек, гладиаторлар жанглари ўтказиб туриларди. Шу тариқа, помпейликлар ҳаёти улуғворлиги ва турли қизиқарли воқеаларга бойлиги билан ажралиб турарди.

Шу билан бирга, бу шаҳарларда турли ғайриахлоқий ишлар, бузуқчилик ҳам авж ола бошлаганди. Халқнинг аксарият қисми фақат томошаю маишатпарастликка берилган, Худони эсдан чиқариб қўйганди. Ичкиликбозлик, фоҳишабозлик, баччабозлик томир ёйган мазкур шаҳарлар аҳолиси гуноҳга ботган, тубанлиги ва шуҳратпарастлиги, худбинлиги билан ном чиқарганди. Гўёки улар на инсониятнинг ғазабидан, на Яратганнинг қаҳридан ва на иблиснинг заҳридан қўрқмайдигандек эдилар. Аммо буларнинг барчаси ҳисоб-китоб қилиниб бораётгани кейинроқ маълум бўлди...

Огоҳлантиришлар

Тангри инсониятга кўп неъматлар ато этиш билан бирга, бандалари шукр қилишларини истайди, адашганларнинг ўзларини ўнглаб олишлари учун эса муҳлат ҳам беради. Бундан ташқари, ҳар қандай қавм устига ўз жазосини юборишдан олдин, зора тўғри йўлга бурилишса, дея уларни турли йўллар билан фалокатдан огоҳ этади.

Везувий воқеасида ҳам худди шундай бўлган: қадимий фолбину башоратчилар Помпей ва Геркуланум устига ёғилажак бало ҳақида кейинги йигирма йиллар мобайнида кўп бора огоҳлантиргандилар. Аммо гуноҳ ва жаҳолатга ботган халқ бунга қулоқ солмасди. Шунингдек, Везувий аллақачон сўнган вулқон ҳисобланар ва ундан энди қўрқмай қўйишганди.

Бунинг янглиш эканини Везувий бир бора эслатиб қўйди - эрамизнинг 62 йилида кучли зилзила содир бўлиб, Помпей ва Геркуланумдаги кўп биноларни вайрон қилди. Бироқ бунинг фақат огоҳлантириш эканини, асосий офат ҳали олдиндалигини кишилар ўйлаб ҳам кўришмади. Улар Везувийни тағин уйқуга кетган, деб ҳисоблаб, ўз шаҳарларини аввалгидан ҳам дабдабалироқ қилиб қайта қуришга киришдилар...

Жазо куни

Ниҳоят, йиллар давомида кишилар чиқарган салбий энергияни ўзида йиғиб келаётган Везувий вулқони уйғониб, буларнинг барини уларга қайтарди. 79 йилнинг 24 августида, қоқ туш пайти Везувий томондан кучли портлаш садоси келди, бундан атрофдаги шаҳар ва қишлоқлар аҳолисининг юраги ёрилаёзди. Ўша дақиқадаёқ вулқоннинг ёрилган оғзидан тепага чўғ аралаш кул булути отилди, пастга - тоғ ёнбағрига эса тупроқ аралаш қизиган руда бўлаклари ёғила бошлади. Вақти-вақти билан осмонда чақмоқларнинг узун чизиқлари чақнаб қоларди.

Биринчисининг изидан яна бир неча кучли портлашлар содир бўлди ва тоғнинг ғарбий қисми ёрилиб кетди. Натижада, Везувий ёнбағрига кул аралаш оловли лава оқими катта тезлик билан оқиб туша бошлади.

Шаҳарлар халқи буни умуман кутмагани аниқ, ҳатто нима воқеа юз бераётганини кўпчилик англаб етишга ҳам улгурмаган. Вулқондан отилган лава ва кул оқими ўта катта тезлик билан атрофни босиб қолган. Кейинчалик олиб борилган археологик қазишмалар давомида аниқланишича, ҳатто кишилар ўз кундалик ишлари билан машғул бўлиб турган ҳолатида, қўлидаги меҳнат қуроли ёки бирор буюми билан кул остида қотиб қолишган. Баъзилар учун эса бу фалокат ўз бўлмағур ишлари билан машғул пайтига тўғри келган ва авлодларга сабоқ бўлиши учунми, шу шармандали ҳолларида жон таслим қилишган.

Гувоҳлар

Везувийнинг бу отилишига Катта Плиний бевосита гувоҳ бўлган. Фожеа пайти у Гай Плиний Секунд билан бирга Мизенада, Неаполитан қўлтиғининг ғарбий соҳилида эдилар. Уларнинг иккаласига Рим императори томонидан ҳарбий денгиз флотини бошқариб туриш тайинланганди.

Кўз олдида юз бераётган фалокатнинг тафсилотларини Катта Плиний ўзининг ўн етти яшар жияни Кичик Плинийга айтади. Бу пайтда онаси билан бирга Мизенада яшаётган Кичик Плиний ўша заҳотиёқ машҳур тарихчи Тацитга иккита мактуб ёзади. Хатларида у Везувий вулқонининг отилиши жараёнини тўлиқ тасвирлаб берган. Кейинчалик ушбу мактублар Апеннин ярим оролидаги бу офатни тасдиқловчи ягона ҳужжат бўлиб қолди.

Хатда вулқон отилиши шундай тасвирланган: «Булут қарағай дарахти шаклида кўкка кўтарилди... У узун танали дарахтга ўхшаб, жуда юксак баландликкача етиб борди. Унинг тепасида эса шохларга ўхшаб ҳар томонга чўзилган нарсалар кўзга ташланарди. Кул ва тупроқ билан қанчалик тўйинганлигига қараб, у баъзан ёрқин, баъзан қуюқ ва ола-була бўлиб кўринарди...»

Вулқоннинг кучи шу қадар қудратли бўлганки, унинг тўлқини Мизенагача таъсир қилган. Кичик Плиний ўз хатида буни шундай тасвирлайди: «Денгиз чекиниб, Ернинг титраган ҳаракати туфайли қирғоқдан узоқлашиб кетди. Денгиз тубидаги баъзи жониворлар қум юзасида қолиб кетишди.

Кейин ҳаммаёқ кучли ёришиб кетди... Сўнгра яна қуюқ зулмат ичида қолдик, бизнинг устимизга кучли кул тўфони ёпирилди... Ниҳоят, даҳшатли зулмат аста-секинлик билан тарқаб, тағин кундузги ёруғлик кўринди... Кўз олдимиздаги ҳамма нарса, худди қор қоплагандек, қалин кул қатламига ўралганди...»

Кичик Плиний бу хатини ёзаётган пайти унинг амакиси ўз кемасида фалокат жойи томон йўл олади. Осмондан чўғдек тош ва қайноқ кул ёғаётганига қарамасдан, Катта Плиний ўз командасига қирғоққа қўнишга буйруқ беради. Орадан бир кун ўтиб эса унинг жасади топилган, унинг ўлимига юрак хуружи ёки вулқон отилишидан юзага келган газдан заҳарланиш сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Хотима

Инсониятнинг катта камчиликларидан бири - унутиш касаллигидир. Агар кишилар тарихнинг шу каби сабоқларидан ўзларига бирор хулоса чиқариб борганларида эди, ҳозирда оламшумул экологик ва сиёсий муаммолар юзага келмаган бўлармиди. Бироқ...

Орадан йиллар ўтиб, Везувий фожеаси ҳам кишилар хотиридан кўтарилиб кетди. Ҳатто тарихчи олимлар узоқ муддат давомида, ўзи Помпей ва Геркуланум деган шаҳарлар чиндан ҳам бўлганми, йўқми деган шубҳа билан бош қотиришган. Фақат 1631 йилда Везувий вулқонининг навбатдаги уйғонишидан кейингина бу ерда археологик қазишма ишлари бошланган. 8 метрлик кул ва тош қатлами остида қолган Помпей ва 20 метрлик лой қатлами тубида қолган Геркуланум шаҳарлари ўшанда қайта кашф этилган.

Бунгача мазкур ҳудудда катта ўзгаришлар содир бўлганди: бир пайтлари кўркам Помпей қад ростлаган жойда орадан анча йиллар ўтиб узумзорлар барпо этилганди. Қадимий Геркуланум ўрнида эса кейинги авлодлар Резина номли янги, гўзалликда ундан қолишмайдиган шаҳар бунёд қилишганди. Энди бу ерда одамларга хавф солгулик ҳеч нима йўқдек эди гўё. Аммо кейин ҳам Везувий кўп бора отилган, унинг 203, 427, 512, 685, 998 ва 1036 йиллардаги хуружлари атрофга айтарли катта зиён етказмаган.

Археологик қазишмага сабаб бўлгувчи йирик вулқон уйғониши эса 1631 йилнинг 16 декабрида бошланиб, уч кун давом этган, атрофдаги кўп шаҳарларга вайронагарчилик келтирган ва 18000 кишининг ҳаётига зомин бўлган. Кейин эса Везувий вулқони яна бир неча марта уйғонган, улардан энг йириклари - 1779 йилда (қурбонлар 1000 нафар), 1793 йилда (қурбонлар 1000 нафар), 1906 ва 1944 йилларда (қурбонлар 2000 нафар) содир бўлган.

"Маърифат гулшани"дан олинган. Муаллиф: Ҳамидбек Юсупов


Бошқа мақолалар