Инсониятга хиёнат қилинган кун


  • 7 Августь, 2017
  • 1082

Бугун 6 август. Инсоният тарихидаги энг мудҳиш саналардан бири. Бугун ИНСОН номига доғ туширилган кун. Бугун ИНСОН номи топталган кун. Бугун ИНСОНИЯТга хиёнат қилинган кун.

Бугун Америка дунёга ҳукмронлик даъвосида чиққан кун. Бугун Америка тарихдаги энг мудҳиш жиноятлардан бирини амалга оширган кун. Бугун Америка зўравон сиёсатини очиқчасига эълон қилган кун.

Иккинчи жаҳон уруши ҳақида гапирганда, одатда Фашистлар Германиясининг жиноятлари тилга олинишига ўрганиб қолганмиз. Гитлер бошлаб берган уруш миллионаб одамлар умрига зомин бўлгани ҳақида кўп гапирамиз. Албатта, бу фактни инкор қилб бўлмайди. Ўзи уруш деган нарсада адолат бўлмайди.

Ғарб матбуоти Ҳолокост деб аталмиш яҳудийлар қирғинида бир неча миллион одам қатлиом қилинганини бот-бот такрорлашдан чарчамайди. Аммо 6 август қирғини учун АҚШ ҳукумати айбдор қилинганини камдан-кам кўрамиз. Ўша қатлиом учун америкаликлар кўпдан-кўп баҳоналар келтиришади. Аслида Ҳиросима ва Нагасаки қирғинларининг даҳшати Ҳолокостникидан ортиқ бўлса ортиқки, асло кам эмас.

Бундан роппа-роса 72 йил муқаддам АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларига қарашли Боинг Б-29 самолёти Япониянинг Ҳиросима шаҳри узра қудратли атом қуролини ташлади. Тарихда илк бор бу каби оммавий қирғин қуроли инсониятга қарши ишлатилди. Қудратли бомба ер сатҳидан 600 метр баландликда портлади.

Портлаш Ҳиросимани ер билан яксон қилди. Шаҳардаги иморатларнинг тўртдан уч қисми вайрон бўлди ёки ёниб кул бўлди. 70 мингдан ортиқ одам ўша заҳоти ҳаётдан кўз юмди. Бир неча кун ичида портлаш қурбонлари сони 140 мингга етди. Яна минглаб аҳоли радиацион заҳарланиш туфайли кейинчалик дунёни тарк этди. Атом қуроли табиатга етказган зарари миқёсини эса ҳисоблаш мушкул.

Бу қирғин Америка учун шунчалик муҳим эдими? АҚШ мана шу қуролсиз урушни юта олмасмиди? Иттифоқчилари аллақачон таслим бўлган ва кетма-кет мағлубиятга учраётган япон армиясини бундай қатлиомсиз маҳв этишнинг имкони йўқмиди? 1,5 миллиондан ортиқ совет аскарлари бир неча кун ичида Японияга қарши урушга кириши кутилаётган, японларнинг мағлубияти деярли аниқ бўлган паллада бу қирғин нима учун керак эди?

АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Ҳарри Труман ўз баёнотида атом бомбасини ишлатишдан кўзланган мақсад минглаб америкаликлар ҳаётини сақлаб қолиш ва уруш талафотларини камайтириш бўлганини айтган эди. 1963 йилги интервьюсида эса атом қуроли нафақат америкаликлар, балки минглаб япон ёшларини ҳам ўлимдан асраб қолиш учун қўлланилганини даъво қилди.

Американинг 4 ойлик президенти бўлган Труман, Япония таслим бўлмас экан, атом бомбаси шаҳарларни вайрон қилаверишини айтган эди. У урушни тезроқ ютиш учун яна юз минглаб тинч аҳолини қурбон қилишдан тап тортмаслигини очиқ эълон қилган. У Японияни тарихда кузатилмаган вайронагарчиликлар келтириш билан огоҳлантирган. Шундай бўлди ҳам. 9 август куни Нагасакига иккинчи атом бомбаси ташланди. Бу сафарги талафот 80 минг кишини ташкил қилди.

АҚШ президенти ўз баёнотида Ҳиросимага ташланган бомба ҳарбий базани нишонга олганини иддао қилган эди. Аммо Ҳиросима ўша вақтда Япониянинг энг асосий ҳарбий марказларидан бири ҳам эмасди. Шаҳарда 250 мингдан 350 минг нафаргача аҳоли истиқомат қилгани айтилади. Ҳиросима ҳарбий база эмас, тинч аҳоли истиқомат қиладиган маскан эди.

Атом бомбасини ишлатиш режасида унинг йирик аҳоли пунктини нишонга олиши аниқ кўрсатилган эди. Ҳужум нишонида Япониянинг ҳали АҚШ ҳужумига учрамаган йирик шаҳарлари бўлиши шарт қилинган эди.

Америка биргина қурол билан бутун шаҳарни вайрон қила олишини дунёга кўз-кўз қилди. Гарчи АҚШ ҳукумати ҳалигача тан олмай келаётган бўлсада, ваҳшийларча уруш жиноятига қўл урди. Тарихда ҳозиргача бир шаҳарда 140 минг тинч аҳоли ўлдирилгани кузатилмаган бўлса керак.

Рузвелт вафот этган куни Ҳарри Труман ўз кундалигида мамлакат раҳбарига айланганини ёзар экан, урушни бошқаришга тайёр эмаслигини ҳам тан олган эди. Аммо Труман умрининг охирига қадар бирор марта атом қуролини ишлатишга қилган қароридан афсусланмади. Ҳатто бу иши билан фахрланиб юрди.

Умуман олганда, Ҳарри Труман инсонпарвар шахс бўлмаган. Германия Совет Иттифоқига ҳужум қилган 1941 йилда Труман сенатор эди. Ўша вақтда у шундай деган эди:

“Агар Германия ғалаба қозона бошласа, Россияга ёрдам кўрсатишимиз керак. Мабодо Россиянинг қўли баланд келиб қолса, Германияни қўллашимиз лозим. Шу тариқа, улар иложи борича кўпроқ одам ўлдиришларига имкон берган бўламиз. Нима бўлган тақдирда ҳам, якунда Гитлер ғолиб бўлишини кўришни истамаган бўлардим.”

Энола Гай номини олган, 1945 йилнинг 6 август куни Ҳиросимани вайрон қилган Боинг Б-29 бомбардимончи самолёти экипажи аъзоларининг энг охиргиси 2014 йилда вафот этди. Ўша ҳужумда штурман вазифасини бажарган Теодор Ван Киркнинг 2010 йилда Гуардиан нашрига берган интервьюсини ўқиб ҳайратландим.

Бир бомба билан 140 минг кишини ўлдирган Теодор Ван Кирк ўша вақтда ҳеч қандай салбий ҳиссиётни сезмаганини айтади. «Бу – уруш», дейди у. «Урушда одамлар қурбон бўлиши табиий». У шундай қатлиомда қатнашганидан виждони қийналмаслигини эътироф қилади. «Портлаш сизни даҳшатга солмадими?» деган саволга собиқ ҳарбий «Бомбанинг қудрати ва ундан таралган ҳарорат мени ҳайрон қолдирди», деб жавоб беради.

Ван Кирк ўша ҳарбий операцияда иштирок этганидан фахрланиши ва яна шундай имконият бўлганда иккиланмасдан атом қуролини тинч аҳолига қарши ишлатишни исташини айтган. Ван Кирк 89 ёшида бу сўзларни айтган. У яна қўшимча қилишича, ҳар сафар ўша экипаж аъзоларидан кимдир вафот этиши унга қаттиқ таъсир қиларкан. У тобора қариб бораётгани ва бир кун ўлишини ўйлаб даҳшатга тушар экан.

Ван Кирк жуда узоқ яшади. Сафдошлари орасида энг узоқ умр кўрди. Юз минглаб одамларни ўлдиришда иштирок этганда ҳеч қандай оғриқни ҳис қилмаган, аммо ўз ўлимидан қўрққан америкалик ҳарбий барибир бир кун ўлди.

Бугун 6 август. Бугун Ҳиросима вайрон қилинган кун. Япон халқи эмас, инсониятга қарши жиноят амалга оширилган кун.

6 август иккинчи жаҳон уруши интиҳоси , балки АҚШнинг зўравонлиги ибтидоси бўлди. Бу ҳужум АҚШ гегемонлиги сари ташланган қадам эди. Шундан бери АҚШ дунёнинг турли бурчакларида бевосита ва билвосита қирғинни амалга оширмоқда. 6 август урушни якунлаган эмас, урушни бошлаб берган кун.

sof.uz дан олинди. 


Бошқа мақолалар