- 2017-04-19
Қирғизистонда Жўғору Кенеш депутатлари ва ҳукумат раиси ўринбосари Адил Байсалов орасидаги зиддият давом этмоқда.
Маҳаллий нашрларнинг хабарига кўра, 20 июнь куни ҳукумат раиси ўринбосари Адил Байсалов депутатларни танқид қилган ва “Конституцияни яхшилаб ўрганиб чиқишларини” тавсия қилган.
Байсалов ижтимоий сиёсат қўмитасининг йиғилишида “Биз ҳаммамиз халқни яхши кўрамиз, ҳаракат қиламиз. Сизлар халқ номидан гапирманглар. Халқ томонидан сайланган президент бор. У вазирлар маҳкамасини шакллантиради. Ана ўша одам халқ номидан менинг фаолиятимга баҳо беради. Келинглар конституцияни яхшилаб ўқиб кўрайлик, қўмиталарнинг қарорлари тавсиявий аҳамиятга эга. Сизлар ижрочи органларга буйруқ берадиган вазирлар маҳкамаси эмассиз. Вазирлар маҳкамаси ишига аралашув бу ваколатида ҳаддан ошишдир. Мен ҳам халқ орасидан чиққан одамман” деб гапирди.
Қўмита депутатлари унинг сўзларидан дарғазаб бўлишди. Депутат Винера Раимбачаева Байсаловдан давлат хизматчисига ярашадиган этика ва ахлоққа риоя қилишини талаб қилди. Депутат Гулкан Молдобекова “Сиз ҳар сафар жанжал чиқарасиз. Яхшиси бизнинг қўмитага келманг ва ўз лавозимингизни ҳам топширинг” деди.
Эртасига 21 июнь куни Жўғору Кенеш спикери Нурланбек Шакиев Қирғизистон парламенти Адил Байсалова интизомий жазо берилишини талаб қилишини билдирди.
22 июнь куни Жўғору Кенеш йиғилишида депутат Шайлообек Атазов Адил Байсаловни давлатга хиёнатда айблаб, “у ҳукуматнинг қонунчилик ва ижрочи органлари орасида тўқнашув чиқармоқчи” деди.