- 2013-01-08
Атлантика океанида чўккан “Титаник” лайнери томон шўнғиш вақтида йўқолиб қолган “Титан” батискафи қолдиқлари аниқланди. Бортда бўлган беш кишининг барчаси ҳалок бўлган. АҚШ ҳарбий-денгиз флоти батискаф йўқолган ҳудудда портлашни қайд этган.
АҚШ Соҳил қўриқлаш хизмати хабарига кўра, Канаданинг Horizon Arctic кемаси томонидан сувга туширилган Odysseus сувости аппарати 3800 метр чуқурликда ётган “Титаник” бурнидан тахминан 500 метр масофада (1600 фут) батискафнинг қуйруқ конусини, шунингдек корпуснинг бошқа қисмларини топган.
Парчаларнинг ҳолати ҳалокатдан дарак бермоқда, аммо унинг сабаби номаълум. Шунингдек, қурбонларнинг жасадларини топиш мумкинлиги ҳам аниқ эмас.
“Бу ниҳоятда оғир шароит”, – дея маълум қилди Бостондаги матбуот анжуманида АҚШ Соҳил қўриқлаш хизмати контр-адмирали Жон Могер.
“Титан”га эгалик қилган OceanGate компанияси ҳам экипаж ҳалок бўлганини тан олиб баёнот берган.
“Бу одамлар ўзига хос саргузаштлар руҳи ҳамда жаҳон океанларини ўрганиш ва ҳимоя қилишга бўлган чуқур иштиёқ бирлаштирган ҳақиқий тадқиқотчилар эди”, – дейилган баёнотда.
Wall Street Journal расмий манбага асосланиб хабар беришича, АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг душман сувости кемаларини қидиришга мўлжалланган махфий акустик аниқлаш тизими батискаф сувга шўнғишни бошлаганидан бир неча соат ўтганидан кейин субмарина портлашини қайд этган.
“АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари акустик маълумотларни таҳлил қилди ва алоқа узилган пайтда “Титан” сувости аппарати ишлаётган жойга яқин нуқтада портлаш билан боғлиқ аномалияни аниқлади”, — деган WSJ мухбирига АҚШ денгиз флоти вакили.
АҚШ мудофаа вазирлигидаги манбага кўра, “Титан” Polar Prince билан алоқани йўқотган вақтда ҳарбий-денгиз флоти авария ҳудудини эшита бошлаган. Кўп ўтмай акустик тизим кейинчалик сувости бўлаклари топилган ҳудудда иккита портлаш овозини ёзиб олган.
Polar Prince тадқиқот кемаси “Титан”ни 110 йил муқаддам “Титаник” кемаси чўкиб кетган жойга якшанбага ўтар кечаси олиб борганди.
Батискаф тонгда шўнғишни бошлайди, аммо сув юзасидагилар миссия бошланганидан 1 соат-у 45 дақиқа ўтиб у билан алоқани йўқотади.
Polar Prince экипаж “Титан” билан алоқа узилиб қолгани ҳақида АҚШ Соҳил қўриқлаш хизматини дарҳол хабардор қилмайди: уларга тахминан саккиз соат ўтиб хабар берилади. Шундан кейин идоранинг Бостондаги қўмондонлик марказида қидирув амалиётини мувофиқлаштириш бошланади, унда бир неча мамлакат вакиллари иштирок этади.
Аввалига батискафни эхолотлар (денгиз чуқурлигини электр акустик усул билан ўчловчи асбоб) билан қидиришни бошлашади, кейин эса воқеа ойига катта чуқурликда ишлай олувчи бошқарувчисиз сувости аппаратларини келтиришади.
Соҳил қўриқлаш хизмати C-130 Hercules русумли иккита самолётни сувости аппаратини сув юзасидан қидириш учун юборади, уларга Канаданинг сувости сонарлари билан жиҳозланган C-130 ва P8 самолётлари қўшилади.
Ҳудудга гидроакустик буйлар (сувости кемалари сигналларини ушловчи сузгичлар) жойлаштирилди.
Пайшанба куни батискафни қидириш ишлари ҳал қилувчи босқичга кирди, бу вақтда бортдаги кислород захираси тугаётганди.
АҚШ Соҳил қўриқлаш хизмати қутқарув амалиёти кўламини кенгайтириб, қидириш ишларига яна 10 та кема ва бир қанча сувости қайиқларини қўшади.
Аввалроқ эхолотлар сувости шовқинлари келаётган бир неча нуқтани қайд этишганди, аммо бу жойлардан бирортасидан батискаф топилмади. Шунга қарамай, қидирув амалиёти иштирокчилари шовқинлар қайд этилган ҳудудларда саъй-ҳаракатларни кучайтиришганди.
Сув тубида батискаф қисмлари экани тахмин қилинган парчалар топилгач, қидирув амалиётини тўхтатиш ишлари бошланди.
“Титан” бортида беш киши, жумладан OceanGate асосичиси Стоктон Раш бор эди. Унинг рафиқасининг аждодлари “Титаник”да ҳалок бўлишган
Батискаф бортида бўлганлар:
58 ёшли британиялик бизнесмен ва Action Group компанияси асосчиси Ҳэмиш Ҳардинг
48 ёшли покистонлик бизнесмен Шаҳзода Довуд ва унинг 19 ёшли ўғли Сулаймон
61 ёшли Стоктон Раш — OceanGate компанияси асосчиси
77 ёшли француз тадқиқотчиси Пол-Анри Наржоле.
Ҳэмиш Ҳардинг — британиялик миллиардер, қароргоҳи БААда жойлашган, авиатехникалар сотуви ва эксплуатацияси билан шуғулланувчи Action Aviation компанияси асосчиси. Ҳардинг Гиннесс рекордлар китобига киритилган учта ютуққа эришган. 2021 йилда у икки ўринли батискафда Мариана ботиғига тушган (11 000 метр чуқурликда), у ерда 4 соат-у 15 дақиқа ўтказган (бундай чуқурликда энг кўп вақт бўлиш) ва 4,6 километр масофа сузган (бундай чуқурликда энг узоқ масофа). 2019 йилда у америкалик астронавт Терри Виртс билан Gulfstream самолёти бортида икки қутбни айланиб ўтиш тезлиги бўйича рекорд ўрнатади. 2022 йилда у Жефф Безоснинг Blue Origin компанияси New Shepard ҳаво кемасида космосга кўтарилади.
Ўз ўғли билан бирга сувости аппарати бортида бўлган Шаҳзода Довуд — Покистондаги энг бадавлат оилалардан бирининг вакили бўлган. У Покистонда туғилган, кейинроқ Буюк Британияга келиб, Букингҳем университетида ҳуқуқшунослик бўйича ўқиган. У шунингдек Филаделфия университетида маркетинг соҳасида магистр даражасини олган.
Стоктон Раш — океан тубига экспедицияни уюштирган OceanGate компанияси асосчиси ва ижрочи директор. У сувости аппаратини бошқарган. The New York Times нашрининг ёзишича, унинг рафиқаси Венди — 1912 йилда чўкиб кетган “Титаник”нинг биринчи классдаги йўловчилари бўлган Исидор Штраус ва унинг рафиқаси Иданинг невараси ҳисобланади. Уларнинг ҳаёти Жеймс Кэмероннинг “Титаник” филмида машҳур саҳна олинишига туртки берган: ҳалокат пайтидаги кекса эр-хотин Штрауслар аёллар ва болаларга устуворлик берилиши учун қутқарув қайиғига чиқишдан бош тортган ва номерга қайтиб ўлимни кутишган.
Пол-Анри Наржоле — француз тадқиқотчиси, у “Титаник” чўккан жойга 35 мартадан ортиқ шўнғиган. У бу жойга тадқиқотларини 1986 йилда, Франция ҳарбий-денгиз флотидаги 22 йиллик хизматдан кейин бошлаган. Экспедициялар давомида у сув юзасига чўккан кемадан беш мингдан ортиқ буюмларни, жумладан йўловчиларнинг шахсий буюмларини олиб чиққан. Бу ишлари туфайли у “Мистер Титаник” лақабини олганди.
kun.uz дан олинди.