- 2019-06-10
БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар Исроил армияси томонидан Ғазо тинч аҳолисининг оммавий қирғини олдида сукут сақламоқда. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон гапирди.
Риёдда ўтказилган Ислом ҳамкорлиги ташкилотининг саммитидан қайтган Эрдўғон журналистларга “Биз яна БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларнинг мусулмонлар ҳалок бўлаётганида кўзлари кўр бўлиб қолишига гувоҳ бўлмоқдамиз. Халқаро ташкилотлар Ғазодаги оммавий қирғинларга қарши чораларни олиш керак. Лекин биз БМТнинг хавфсизлик кенгаши ҳеч бир чора кўрмаётганлигига гувоҳ бўляпмиз” деди.
Бундан ташқари, Эрдўғон Исроил-Фаластин зиддиятида АҚШнинг тутган позициясини ҳам танқид қилди. Унга кўра, агар Вашингтон бу ерларни Исроил ҳудуди деб биладиган бўлса, у ҳолда Ғазо масаласида Туркия ва АҚШнинг келишуви имконсиз.
Ражаб Тоййиб Эрдўғон “Исроилга таъсири кучли бўлган энг асосий давлат ҳисобланган АҚШ бу борада фаол ҳаракат қилиши лозим. Ғазо бу фаластинликларнинг ери. Америка буни тан олиши керак. Агар Байден Ғазони фаластинликлар эмас, ишғолчи Исроил ерлари деб ҳисоблаётган бўлса, у ҳолда бизнинг келишувимиз имконсиз” деди.
Унинг гапларига кўра, бир қатор ўлка ҳукуматлари Исроилни оқлашга уринаётган бўлса-да, жаҳон ҳамжамияти кўзида Исроил ёш болалар қотили бўлиб қолмоқда.
Эрдўғон яна бир бор Хамасни террористик ташкилот эмас, балки ўз ерлари ва ватанини ҳимоя қилишга уринаётган одамлар эканлигини таъкидлади.