- 2019-05-24
Сўнгги юз йилликнинг энг иссиқ июль ойида ҳаво ҳарорати рекорд ўрнатишда давом этмоқда. Саудия Арабистонда ҳаво ҳарорати 47 даражага етди.
Жазирама иссиқда энг кўп қийналганлар эса сақланадиган жой топа олмаган ёввойи ҳайвонлар ва қушлар бўлди.
Саудия Арабистонда ҳижрий янги йилнинг илк кунларида ҳаво ҳарорати 47 даражага етди. Ҳаж амалидан кейин жаноби Пайғамбаримизни (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) зиёрат қилиш учун Мадина-и мунавварага келган ҳожиларга пешин вақтида меҳмонхоналардан чиқмаслик тавсия этилди. Беш вақт намозларини масжиди Набавийда ўқиш учун келган ҳожилар пешин ва аср намозлари вақтида тез-тез ҳаракатланиб, очиқ жойларда камроқ юришга уринишмоқда. Ёши улуғ зиёратчиларга эса ташқарига чиққанларида тўқ рангли соябонлардан фойдаланишлари қатъий тавсия этилмоқда. Мадина-и мунавварада каптарларнинг пешин вақтларида симёғочларнинг сояларига бир қатор тизилиб, иссиқдан сақланишга уринишлари эса ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб кетди.
Ҳожиларни олиб юриш учун кондициоенр ўрнатилган автобуслар жалб қилинган. Кўпинча мобил телефонлар ҳаддан ташқари иссиқ туфайли хизмат доирасидан ташқарида қолиб кетмоқда. Ҳаво ҳарорати 50 даражадан ошганда ҳимоя тизими ишга тушадиган “iPhone” телефонлари қизил термометр белгисини кўрсатиб, аккумулятор портламаслиги учун жиҳоз ишини тўхтатиб қўймоқда. Суратга олаётганлар эса телефонни 36 даража бўлган баданларига ёпиштириб жиҳозни совутишга уринмоқда. Макка-и мукаррамадаги Каъбада ва Мадина-и мунавварадаги масжиди Набавийда кондиционерлар ва совуқ сув сочиб турадиган жиҳозларнинг ишлаб туриши қаттиқ назоратга олинган.