- 2024-11-15
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ўтказилган антитеррор тадбирлари ва унинг муваффақиятли якунланганлиги бўйича халқига мурожаат билан чиқди.
Алиев “Арман давлати тарафидан Озарбайжон ҳудудида ноқонуний жойлаштирилган ва олдинги келишувларга қарамай ҳудуддан олиб чиқиб кетилмаган армиянинг муҳим қисми йўқ этилди. Ҳарбий техникалар йўқ қилинди ва яроқсиз ҳолга келтирилди” деб гапирди.
Иккинчи Қорабоғ уруши тугаганидан кейин Озарбайжоннинг 300 га яқин ватандоши қўйилган миналар қурбонига айланди. Президент иккинчи Қорабоғ урушидан кейин “Лочин” чегара ўтказиш пункти ўрнатилишигача Арманистондан Озарбайжоннинг Қорабоғ ҳудудига миналар ноқонуний олиб кирилиб, турли жойларга кўмилганлигини маълум қилди.
Алиев “Бир қанча вақт олдин Озарбайжон қуролли кучлари томонидан топилган миналар Россия тинчликпарвар кучлари ва Россия-Туркия мониторинг маркази вакилларига намойиш қилинди. Ушбу миналар Арманистонда 2021 йили ишлаб чиқарилган бўлиб, Озарбайжонга қарши теракт уюштириш мақсадида атайлаб Қорабоғга олиб кирилганлигини кўрсатмоқда” деди.
Президент ҳарбий операциядан олдин ҳарбийларга Қорабоғда яшайдиган арман аҳолисига зарар етмаслиги кераклигини яна бир бор эслатиб, жиддий кўрсатмалар берганлигини таъкидлади.
Алиев “Ижтимоий структураларга ҳеч қандай зарбалар берилмаслиги, фақатгина ҳарбий инфраструктурани ишдан чиқариш бўйича қатъий кўрсатмалар берилди. Озарбайжон ҳудудида арман армиясига тегишли юздан ортиқ танк, зирҳли транспортлар ноқонуний жойлаштирилган эди. Икки юздан ортиқ артиллерия қурилмалари, янги зенит ракеталари жойлаштирилган эди. 2020 йил 10 ноябрда имзоланган уч томонлама келишувга қарамай Арманистон уч йилдан буён ўз қуролли кучлари Озарбайжон ҳудудидан олиб чиқмади” деди.