- 2020-11-28
Қозоғистонда Республика кунини нишонлаш билан боғлиқ 24-26 октябрь кунлари ички ишлар органларининг шахсий таркиби кучайтирилган хизмат ҳолатига ўтади. Бу ҳақда Маъмурий полиция қўмитаси раиси ўринбосари Алибек Кениспаев маълум қилди.
Кениспаев “24 октябрдан 26 октябргача бутун шахсий таркиб кучайтирилган хизмат ҳолатига ўтказилади. Бу кунларда полиция ва миллий гвардия ходимлари сони 20 мингача кўпайтирилиши мумкин” деб гапирди.
Унинг маълумотларига кўра, ҳокимиятлар билан ҳамкорликда ҳар бир минтақада оммавий-маданий тадбирлар ўтказилиш жойи келишиб олинган. Тартибни сақлаш ходимлари сони шунга яраша тайёрланган.
Кениспаев “Полиция нарядлари йўналишлари оммавий тўпланиш жойларига яқин бўлиб, камералар орқали кузатиб турилади. Вазиятни мониторинг қилиш учун ИИВ базасида тезкор штаб ташкил этилади. Шу каби штаблар барча вилоятларда ташкил этилади. Ички ишлар вазирлиги аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш ва тартибни сақлаш учун бутун имкониятларини ишга солади” деди.
Ўтган ҳафта ички ишлар вазири ўринбосари Игорь Лепеха ижтимоий тармоқлардаги 25 октябрь куни митинг ўтказишга чақирувларларга изоҳ берганди.
Вазир ўринбосари “25 октябрь куни митинг ўтказишга чақирувни ДВК аъзолари тарқатмоқда. ДВК эса Қозоғистонда фаолияти тақиқланган экстремик ташкилотдир. Табиийки, биз ҳеч қандай митинг ўтказишга рухсат бермаймиз” деганди.