Испанияда қишлоқ сотилади


  • 8 Ноябрь, 2022
  • 225

Испанияда кундан кунга қишлоқдан шаҳарга кўчишлар ортиб бориши сабабли ҳувиллаб қолган қишлоқлар сотувга чиқарилмоқда. Замора шаҳри яқинидаги 44 та уй, черков, мактаб, меҳмонхона, бар ва ҳатто эски жандармерия қисми бор бир қишлоқ 260 минг еврога сотувга чиқарилди.

Риелтор хизматини кўрсатадиган “İdealista” номли интернет сайти Португалия чегараси яқинидаги Замора шаҳрига қарашли Салто қишлоғининг сотувга қўйилганини маълум қилди.

Аҳолининг катта шаҳарларга кўчиб кетиши сабабли бўшаб қолган қишлоқда 44 та уй, черков, мактаб, меҳмонхона, бар ва ҳатто эски жандармерия қисми бор эканлиги билдирилди.

Қишлоқдаги мулк соҳибларининг вакили бўлган риелтор ширкатининг ходими 260 минг еврога сотувга чиқарилган қишлоқ эълонини 5 кун ичида 200 киши кўрганлиги, кўплаб қўнғироқлар бўлгани, 2 испан, бир португал ва бир инглизнинг сотиб олиш учун алоқага чиққанлигини маълум қилди.

Эски ГЭС сабабли 1950 йилларда қурилган қишлоққа яқин жойда табиий парк борлиги, 1989 йили ГЭСнинг бекитилиши ортидан аҳолининг аста-секин камайганлиги билдирилди.

Қишлоқни сотиб оладиган харидорларнинг керакли инвестицияларни киритиш билан бу ерни қишлоқ туризмига очиш имкони борлиги айтиб ўтилди.


Бошқа мақолалар