- 2020-02-25
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяҳунинг ўғли Авнер Нетаньяҳу 2022 йилда таълим олиш мақсадида Англияга йўл олишидан аввал исмини расман ўзгартиргани маълум бўлди. У шахсий ҳужжатларида бувисининг фамилиясини қабул қилиб, ўзини “Ави Сегал” деб расмийлаштирган. Авнернинг айтишича, мусулмонлар яшайдиган мамлакатда “Нетаньяҳу” фамилияси билан юришдан хавотирланган.
2022 йили, отаси мухолифат сафида бўлган пайтда, Авнер Англияга ўқишга кетган ва мусулмонлар сони кўп бўлган ҳудудда “Нетаньяҳу” фамилияси билан танилиши мумкинлигидан чўчиб, “Ави Сегал” исмини қўллай бошлаган.
У бу ўзгаришни фақат шахсий гувоҳномасида эмас, балки ҳайдовчилик гувоҳномаси ва паспортида ҳам расман амалга оширганини маълум қилган. Сабаб сифатида эса, мусулмонлар кўп яшайдиган жамиятда “Нетаньяҳу” исми хавфсизликка таҳдид туғдириши мумкинлигини кўрсатган.
Маълумотларга кўра, у Англияда “Ави Сегал” номи остида 502 минг фунт стерлингга квартира сотиб олган ва харидни нақд пулда амалга оширган. Кейинчалик Оксфорд университетида магистратура дастурига отаси билан боғлиқлигини яширган ҳолда ўқишни бошлаган. Университетдаги расмий ҳужжатларда ҳам унинг исми “Ави Сегал” деб қайд этилган.
Манбаларга кўра, Исроил қонунчилигига биноан чет элда қиймати 2 миллион шекелдан кам бўлган мулклар солиқ органларига билдирилиши шарт эмас. Авнер уйни фунт стерлинг шекелга нисбатан энг қиммат вақтда сотиб олгани боис, унинг баҳоси 1,97 миллион шекелга тўғри келган ва бу ҳақда расмий равишда маълумот берилмаган.
Квартира учун сарфланган маблағ манбаси ҳақида берилган саволларга жавобан, Авнер бу маблағ оила аъзолари томонидан тақдим этилганини айтган.
Авнер 2023 йил 7 октябрдан кейин Англиядан Исроилга қайтгани хабар қилинган.
Исроил матбуотига кўра, Нетаньяҳу оиласига тегишли кўплаб мулклар мавжуд ва Авнернинг Англияда харид қилган уйи ҳам шулардан бири ҳисобланади.
Шу билан бирга, Исроил Бош вазирининг бошқа ўғли Яир Нетаньяҳунинг ҳам дипломатика ҳуқуққа эга бўлмаган ҳолда дипломатик паспорт олгани бўйича тергов олиб борилмоқда. У Исроил полициясининг коррупцияга қарши кураш бўлими — “Лахав 433” томонидан сўроққа чақирилгани маълум қилинди.
Исроилнинг ички хавфсизлик хизмати — Шин-Бет (Шабак) Яирга бундай паспорт бериш зарур эмас эди, деган фикрни билдирган.