Тарихнинг энг ажойиб уруши


  • 17 Ноябрь, 2023
  • 194

Карансебеш (Шабаш) жанги 1788 йил 17 сентябрь куни Усмоний аскарларини қидирган Австрия армияси орасида юз беради. 100 мингга яқин Австрия армияси Усмоний қўшини билан жанг қилиш учун Карансебеш қасабаси (ҳозирги Руминия ҳудуди) яқинига қароргоҳ қуради.

Хуссар (гусарь, енгил қуролланган отлиқ аскарлар) отрядлари разведка учун Тимиш дарёсининг нариги соҳилига ўтади. Лекин у ерда Усмоний қўшинидан из ҳам тополмайди.

Хуссар отрядининг қаршисидан чиққан лўлилар Австрия аскарларига шнапс номли спиртли ичимлик сотиб олишни таклиф қилишади. Таклифдан мамнун бўлган хуссарлар ичкилик бочкаларини сотиб олишади.

Кейинроқ дарёдан ўтган бошқа Австрия пиёда аскарлари хуссарларнинг бу ичкиликларига шерик бўлишни истайди. Лекин хуссарлар ичкиликлари билан бўлишишни исташмайди ва бочкаларнинг атрофини қуршаб, ҳимоя остига олишади. Тортишма давом этаётган бир вақтда бир аскар ўт очади. Шу тариқа хуссарлар ва пиёдалар орасида тўқнашув юзага келади.

Тўқнашув вақтида баъзи пиёдалар хуссарларни қўрқитиш учун “Турклар! Турклар!” деб бақиришади. Буни эшитган хуссарлар турклар келди деб ўйлаб, қочишга тушади. Хуссарларнинг қочаётганлигини кўрган пиёдалар ҳам қоча бошлайди.

Австрия армияси ломбардиялик итальянлардан, болқонлик славьянлардан, австрияликлардан ва турли кам сонли миллатлардан иборат эди. Шу сабабли аскарлар бир-бирини тушунишда қийинчиликларга дуч келишарди. Вазиятни тузатишга уринган австриялик зобитлар “Халт! Халт!” (Тўхтанглар!) дея бақиришади. Лекин немисча билмайдиган аскарлар бу калималарни “Аллоҳ! Аллоҳ!” деб тушунгач ваҳимага тушиб, вазият янада қийинлашади.

Суворийларнинг қароргоҳга қараб ўпкасини қўлтиқлаб қочиб келаётганини кўрган бир отряд қўмондони Усмоний қўшини ҳужумига учради деб ўйлаб, тўпчиларга ўт очишни буюради. Бу орада отишма овозни эшитган аскарлар нима бўлаётганини тушунмай тум-тарақай қочишга тушади.  Аскарлар ҳар кўрган сояни турклар деб ўйлаб ўт очишни бошлайди. Аслида улар ўз аскарлари эди.

Бу ур-тўполон натижасида бутун армия ортга чекинади. Император Иосиф II кичик ариқдан ўтаётганида отидан қулаб жароҳат олади.

Икки кундан кейин воқеа жойига етиб келган Усмоний қўшини 10 мингга яқин ўлик ва ярадорларга дуч келади ҳамда Карансебеш шаҳрини осонлик билан қўлга киритади.


Бошқа мақолалар