Генри Киссинджер ўлди


  • 30 Ноябрь, 2023
  • 107

Дунё сиёсатининг энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлувчи кишилар орасидан жой олган АҚШнинг собиқ ташқи ишлар вазири Генри Киссинджер 100 ёшида ўлди.

1973-1977 йилларда Ричард Никсон ва Джеральд Форд президентликлари даврида ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаган собиқ дипломатнинг ўз уйида жони узилганлиги маълум қилинди.

Вазирлиги даврида АҚШнинг ташқи сиёсатини юритган Киссинджер 1969-1975 йилларда президентнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси бўлганди.

Хайнц Альфред Киссинджер 1923 йил 27 майда Германияда яҳудий оиласида туғилди. Оиласи 1938 йили фашистлардан қочиб АҚШга кўчиб ўтди. Киссинджер 1943 йили Америка ватандоши бўлди.

Киссинджер 3 йил АҚШ армиясида хизмат қилгандан кейин армиянинг разведка бўлимида ишлади. Докторлик дипломини ҳимоя қилганидан кейин Гарвард университетида халқаро алоқалардан дарс берди.

1969 йили президент бўлган Ричард Никсон Киссинджерни миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи лавозимига тайинлади. Кейинчалик ташқи ишлар вазири лавозимига тайинланган Генри Хитой билан дипломатик алоқаларни юритди. 1973 йили Араб-Исроил урушини тугатган музокараларга ва Вьетнам урушини якунлаган Париж тинчлик келишувига ёрдамлашди.

Киссинджер Вьетнам урушида тинчлик келишувининг имзоланишидаги роли учун 1973 йили Нобель тинчлик муукофотини қозонди. Лекин ушбу мукофот Нобель тарихидаги энг тортишувли мукофотлардан бирига айланди.

Камбоджада яширин бомбардимонлар ва Жанубий Америкадаги ҳарбий режимларга дастак бериш каби АҚШ ташқи сиёсатининг энг танқид қилинувчи ҳамлаларидан баъзиларида иштирок этган кишига мукофот берилиши анча норозиликларга сабаб бўлди.

“New York Times” эса тинчлик мукофотини “Нобель уруш мукофоти” деб атаганди.

Киссинджерга бутун фаолияти давомида инсон ҳақ-ҳуқуқлари бўйича танқидлар келишда давом этди.

Дунёда “совуқ уруш” ҳукмрон бўлган даврда Киссинджер совет иттифоқи билан рақобатни инсон ҳақ-ҳуқуқларидан устун қўйиши ва Чилидаги Августо Пиночет режими каби диктатор тизимларни дастаклаши қораланди.

Генри Киссинджер 1977 йили АҚШ ҳукуматидаги вазифаларидан истеъфога чиққан бўлса ҳам жамият ва сиёсий масалаларда илғор таҳлилчилардан бири бўлишда давом этди. Асос солган “Kissinger Associates” номли  консалтинг фирмаси АҚШ бошқарувига яқин алоқада бўлди. Киссинджер бундан ташқари кўплаб фирмаларнинг бошқарув кенгашидан ўрин олди.


Бошқа мақолалар