Ўрта Осиёдаги энг қиммат кўчмас мулк Алматида


  • 26 Сентябрь, 2013
  • 1372

Ўрта Осиё мамлакатлари пойтахтидаги энг арзон икки хонали ва уч хонали хонадонлар Ўзбекистон пойтахтида жойлашган. Бу ҳақда “Mezon.uz” интернет-нашри хабар бермоқда.

Интернет-нашр Тошкентдан ташқари, Туркманистон пойтахти Ашхобод, Тожикистон пойтахти Душанбе, Қирғизистон пойтахти Бишкек ҳамда Қозоғистонинг жанубий пойтахти саналувчи Алмати шаҳарларидаги икки хона ва уч хонали уйларнинг ҳар квадрат метри неча пулдан сотилаётганини ўрганиб чиққан.

Нархлар жадвалини тузишда тегишли мамлакатлардаги риэлтор агентликларидан олинган маълумотлар, шунингдек, хусусий эълонлар чоп этиладиган турли сайтлардаги маълумотларга асосланилган.

Пойтахт шаҳарларда кўчмас мулк нархи уй жойлашган туман, унинг атрофидаги инфратузилманинг қанчалик ривожлангани ва бошқа омилларга қараб ўзгаришини ҳисобга олиб, қуйидаги омилларни танлаб олинган: жойлашуви (ҳар бир пойтахт шаҳарда мавжуд бўлган марказий универсал магазинга яқин бўлган хонадонлар танлаб олинган), уйнинг деворларида фойдаланилган материал (ғишт), қавати (иккинчи ёки учинчи қават) ва таъмирталаблиги (ўртача).

Унга кўра, Ўрта Осиё пойтахтлари орасидаги энг қиммат икки хонали уйлар Алматида жойлашган бўлиб, уларнинг ҳар квадрат метри 2,25 минг доллардир. Айни вақтда, Тошкентдаги шундай уйларнинг ҳар квадрат метри ўртача 950 долларга баҳоланган бўлса, Бишкекда 1,17 минг, Ашхободда 1,33 минг, Душанбеда эса 1,37 минг долларга нархланган.

Энг қиммат уч хонали, деворлари ғиштдан бўлган уйлар ҳам Алматида жойлашган. Қозоғистон жанубий пойтахтидаги бундай уйларнинг ҳар квадрат метри 2,3 минг долларга тенг. Ундан кейинги ўринларда Ашхобод (1,38 минг доллар), Душанбе (1,28 минг доллар), Бишкек (1,21 минг доллар) ва Тошкент (минг доллар) жой олган.


Бошқа мақолалар