- 2021-08-28
Гаитида минглаб маҳкумнинг қамоқдан қочиши билан бошланган исён давом этмоқда. Жиноий тўда тарафидан истеъфоси талаб қилинган бош вазир Ариэл Генри бугун истеъфосини эълон қилди.
Гайана президенти ва Кариб ҳамжамиятининг раиси Ирфон Али баёнотида “Вақтинчалик президентлик кенгаши ташкил этилиши ва вақтинчалик бош вазирнинг тайинланиши борасида келишув тузилганидан кейин бош вазир Ариэл Генрининг истеъфосини қабул этдик” деди.
Кариб ҳамжамияти аъзолари бўлган 25 ўлканинг президентлари Ямайка пойтахти Кингстонда Гаитидаги вазиятни муҳокама қилиш учун тўпланганди. Йиғилишдан кейин 5 мартдан буён хавфсизлик чораси сифатида Пуэрто-Рикода яшаб турган Ариэл Генри Кариб ҳамжамиятига истеъфоси ҳақидаги аризани етказди.
Маҳаллий нашрларга кўра, жиноий тўда мансублари 2 та казарма ва ички ишлар вазирлигига босқин уюштирган, лекин полиция тарафидан зарбалари қайтарилган.
Қамоқдан минглаб маҳбуснинг қочишини таъминлаган тўда бошчиси Барбекю лақабли Джимми Шеризье 6 мартдаги интервьюсида бош вазир истеъфога чиқмайдиган бўлса “Гаити ё ҳамма учун жаннат, ёки барчага дўзах бўлади” деганди.