Мексика-Эквадор орасида зиддият


  • 12 Апрель, 2024
  • 289

Эквадор полицияси Мексиканинг элчихонасига босқин уюштириб, собиқ Эквадор вице-президенти Хорхе Гласни ҳибсга олди. Босқиндан кейин икки ўлка орасида алоқалар узилиш нуқтасига келди. Мексика дипломатик алоқаларни вақтинча тўхтатиб, Эквадор устидан халқаро судга шикоят қилиб, халқаро ҳуқуқни бузганликда айблади. Бу билан бирга Эквадорнинг БМТдаги фаолиятларини чеклашни талаб қилди.

Халқаро судга мурожаат қилган Мексика Эквадорнинг ҳамжамият олдида очиқча узр сўрамагунича БМТга аъзолиги тўхталишини талаб қилди. Мексика ташқи ишлар вазири Алисия Барсена “Халқаро ҳуқуққа зид равишда элчихонамиз дахлсизлиги очиқчасига бузилди. Дипломатларимизга ҳужум қилинди. Эквадор бу ишлари учун қонун олдида жавоб бериши керак” деди.

Мексика президенти Мануэл Лопес Обрадор ҳам бунга ўхшаш ҳодисанинг бошқа такрорланмаслиги учун жиддий шуғулланаётганликларини маълум қилиб “Бу фақатгина Мексиканинг эмас, ҳар бир шахснинг масаласидир. Халқаро ҳуқуқ ҳимоя остига олиниши керак. Ҳеч бир ўлканинг мулкига ва элчихонасига зарар берилмаслиги лозим” деб гапирди.

Эслатиб ўтамиз, Эквадор собиқ вице-президенти Глас Мексикадан сиёсий бошпана сўраб мурожаат қилганди. 2023 йил декабрь ойидан бошлаб Мексиканинг Эквадордаги элчихонасида яшаб келаётган Гласга ўтган ҳафта Мексика ҳукуматидан мурожаатига ижобий жавоб келганди. Бу эса икки ўлка орасида таранг вазиятни юзага келтирди. Кеча Эквадор полицияси Мексиканинг Эквадордаги элчихонасига босқин уюштириб, Хорхе Гласни ҳибсга олди.


Бошқа мақолалар