- 2022-03-26
Фаластин ташқи ишлар вазири Рияд ал Маликий Бирлашган Араб Амирликларидаги элчисини БААнинг Исроил билан келишув имзолаганлиги туфайли чақириб олганини эълон қилди.
Ал Маликийнинг баёнотида “АҚШ, Исроил ва БААнинг уч томонлама муносабатларни меъёрлаштириш бўйича келишув имзолаганлиги туфайли Фаластин президенти Маҳмуд Аббоснинг фармони асосида БААдаги Фаластин элчиси чақириб олинди” дейилган.
Аввалроқ Фаластин раҳбарияти АҚШ, Исроил ва БАА орасидаги уч томонлама келишувни тан олмаслигини ва қаршилигини билдирганди.
Эслатиб ўтамиз, Исроил билан БАА муносабатларни бутунлай меъёрга келтириш бўйича келишув имзолашди. АҚШ билан ҳамкорликдаги уч томонлама келишувда Исроил Иордан дарёсининг ғарбий қисмидаги ҳудудини кенгайтиришни вақтинча тўхтатиши айтилган. Бундан ташқари, яқин кунларда Исроил ва БАА инвестиция, туризм, авиайўналишлар, хавфсизлик, телекоммуникация ва бошқа соҳалар бўйича келишувлар имзолашади.