Озарбайжоннинг ярмига эгалик қиларди


  • 15 Апрель, 2024
  • 106

Ҳожи Зайналобидин Тоғиев 1823 йили Боку Ичеришеҳерда (Эски шаҳар) туғилган озарбайжондир. Отаси Тоғи ишлари юришмаган этикдўз, онаси Уммуханум кийимларни ювадиган бир аёл эди. Онаси сув бўйида кийим юваётганида вафот этади. Ҳожи сингилларининг ва онасининг юкини ўз зиммасига олади.

Унинг ғайрати ичига сиғмас эди. Отасидек бир жойда ўтириб ишлашга тоқати йўқ бўлиб, оғир иш бўлса ҳам ташқарида ишлашни истарди.

Илк кун уйга олти тийин билан келади. Бу кеча оила тўқ ётади. Пул топиш учун мактабни ҳам ташлаб қўяди.

Қурилишга қизиқиши устун келиб, сангтарош бўлади. Ташаббускор инсон бўлганлигидан майда-чуйда таъмирлар учун ўз жамоасини тўплайди. Яхши пул топишни бошлайди, лекин бу билан чекланиб қолишни истамайди.

Нефтчилик ривожланаётган вақтда керосин фабрикасини олади. Бундан келаётган даромадни кўриб, ҳамкорлари билан бирга ер участкаси сотиб олади ва Бибиҳайбат минтақасида нефть излашни бошлайди.

Ҳар куни эрталабдан тинмай ер қазишда давом этади. Орадан бир йил ўтгач, шерикларининг тарвузлари қўлтиғидан тушади. Ўз ерларини Ҳожига қолдириб, бошқа иш билан шуғулланишни бошлайди.

Ҳожи эса оғир меҳнатларининг натижаси сифатида нефть конини топади. Бир онда бой нефть қазиб олувчига айланади. Отлар тортадиган темир йўлни ишга туширади. Ундан кейин кемалар қуриб, Каспий денгизига туширади. Ниҳоят кема соҳиблари уюшмасининг раиси бўлади. Портлар, омборлар...

Ҳатто қувур орқали Грузиядан Қора денгизга чиқади. Шу билан бирга Каспий денгизида балиқларга макон бўлган дарёларни сотиб олади, Доғистонда музлаткичлар қурдиради. Балиқчиларни жалб қилиш учун бебаҳо узугини бир балиққа юттириб, дарёга ташлайди. Ким тутса, узук ўшаники.

Тоғиев тижорат уйи хорижий тижоратчилар билан юзма-юз рақобатга киришади. Бурғулаш ускуналари, танкерлар устида иш олиб боради.

Ўша вақтларда озарбайжон пахтаси Москвада қайта ишланарди. Меҳнат маҳаллий деҳқонларга, оғалик эса русларга. У бундай талон-тарожликка тинч қараб турмайди. Ип йигириш фабрикалари ва тикиш ательелари қуради. Ишчиларига турар жой, касалхона, ҳаммом, мактаб ва масжид қуриб беради. Ўз банкини қуради.

Грузинлар, арманлар медиа соҳасида анча илгарилаб кетганлигини кўриб, 57 минг манатга Каспий газетасини сотиб олади ва бошига Алимардон Тўпчибашини келтиради.

Кўплаб Қуръони карим чоп этади. Унинг бошчилигида чиқарилган “Ҳаёт” газетаси илк сонида “Исломиятсиз нажот йўқ” мақоласини эълон қилади.

“Ҳаёт” газетаси социализмга қарши бўлади. Нашрлари Истанбул шевасида эди. Онадўлидан Сибиргача тарқалади. 1908 йили исломни ёйишда айбланиб, чоп этилиши тўхтатилади.

“Қозоғистон” газетасига ҳомийлик қилади. Алаш ҳаракатини қўллаб-қувватлайди. Алихон Бокейхонни маблағ билан таъминлайди.

Боку нефтга бой бўлгани билан сув масаласидан анча фақир эди. Сув бор, лекин шўр эди. Тоғиев Кавказ тоғларидаги тотли Шоллар сувини қувурлар орқали олиб келишга ҳаракат қилади. Катта маблағ кетади дейишларига қарамай ишга киришади. Шаҳарсозликка ҳам қизиқади. Парклар, ботаник боғлари барпо этади. Ўз ҳисобидан ўт ўчириш станцияларини қуради.

Абдулҳамид хонни қаттиқ ҳурмат қиларди. Султоннинг иш юритишига шайдо эди. “Кашф-ул ҳақоиқ”ни озарбайжончага таржима қилдириб, тўрт минг олтинлик нусхасини (қимматбаҳо тошлар билан безалган) султонга совға қилади.

Миср ва ҳинд мусулмонлари билан ҳам алоқада бўлади. Москва, Петербург, Тбилиси, Кутаиси, Одесса, Қрим ва асосан Табризда туркий тилларни ўқитадиган таълим даргоҳлари очади. Хайрия жамиятининг Петербургдаги марказий биноси учун 11 минг рубль юбориб, бундан ташқари масжид қурдиради.  

Кавказ мусулмонлар қурултойига ҳомий бўлади. Хайрия жамияти воситачилигида Наргиндаги 15 минг турк асирини қутқаради. Парламентга сайланганидан кейин ваколатидан фойдаланиб, рус подшоси билан учрашади ва турк асирларининг ҳафтада бир кун Бокуга келишларига рухсат олади.

Тоғиев шунча хиёнатларига қарамай арманлардан ҳам ёрдамини аямайди. Етимларининг таълими учун 3 минг рубль, Азиз Нина қизлар мактаби учун 5 минг, Александр Невский кафедраси учун 10 минг рубль бағишлайди.

Инглиз ишғолига учраган Покистонда ҳам ҳолат жуда қийин эди. Покистонда бубон вабоси тарқалади. Бир онда 100 минг киши вафот этади. Инглиз қироллигининг бу билан иши ҳам бўлмайди. Ҳожи Зайналобидин ўз ҳисобидан 300 минг ампула вакцина олиб, Покистонга жўнатади.  

Туркия иттиҳодчилар иллатига дуч келганидек, Ўрта Осиё халқи ҳам жадидчилик билан имтиҳон бўлади. Жадидчилар аждодларидан қолган бутун нарсага қарши эди. Ўз миллий маданиятидан бехабар бўлиб, русларни, французларни тақлид қилишга уринади.

Газета чиқаришлари, мактаб очишлари албатта яхши. Лекин ғарб тақлидидан қутуа олишмайди. Ҳожи Зайналобидин ҳам ўз ҳисобидан бир театр қурдиради. Опера ўргансин деб Италияга талабаларни жўнатади.

Исмоил Гаспирали нашр этаётган “Таржумон-и аҳволи замон” газетасини сотишда муваффақиятсизликка учрайди. Қримдан келиб Ҳожига дардини тўкади. Ҳожи ҳам нима десин, унинг харажатларини кўтаради. “Тилда, фикрда, ишда бирлик” шиори билан биз таниган Гаспирали фақат сўздагина туркий эди, ўзи эса Боғчасарой мадрасасида рус адабиёти ва фалсафидан таълим беради. Узоқ вақт ассистентлик қилган Иван Тургенев таъсири остида эди.

Ҳожи Зайналобидин ойига 50 рубль (ўша вақт учун катта маблағ) бериб Европага юборган ёшлар ўша ерда кофир қизларга уйланиб қолиб кетишни бошлайди. Улардан ватанига ҳеч қандай фойда келмаслигини англаган Ҳожи яна стипендия таъсис этади. Лекин унинг 2 шарти бор эди: 1. Ўқишни битиргач, ватанга қайтиб келиш. 2. Мутлақо туркий қизлар билан турмуш қуриш.

Лекин ўз қизлари Лайло ва Сора ҳам Петербургга йўл олади.

Унинг стипендияси билан ўқиган Меҳмед Амин Расулзода 19 ёшида журналистликни бошлайди. Ёшлигидан яширин ташкилотлар қуради. Чор Россиясига қарши чиқади. Вақти-вақти билан Туркия қочиб кетса ҳам Мусават партиясини ҳукумат бошига олиб чиқади ва Озарбайжон жумҳуриятини қуради.

Ҳожи стипендияси билан ўқиганлардан яна бири бўлган Наримон Наримонов эса қизил армияни дастаклайди. Бутун Озарбайжон давлатини Москвага қўш-қўллаб топширади. (Қабри Қизил майдонда.) Ҳожи Зайналобидинга бу хатоси жуда қимматга тушади. Коммунистлар унинг мол-мулкини тортиб олиб, ҳеч вақосиз қолдиради. “Истаган жойингга кетишинг мумкин” таклифига “Йўқ, мен шу ерда ўз ватанимда фақир бўлиб қолишга розиман” деб жавоб беради. Ҳолбуки Москва, Теҳрон, Исфаҳон, Анзали ва Раштда ҳам уй ва мулклари бор эди.

Наримон кўп яхшиликларини кўрган валинеъматига бир дала ҳовлисида яшашга рухсат беради. Лекин 1924 йили Ҳожи вафот этгач, беваси (доғистонлик Пошо қизи Сона хоним) уйдан чиқариб юборилади. Қизи Сора эса турмуш қурган рус билан ажрашиб, ватанига қайтади. Ўз уйларининг (ҳозирда Боку миллий тарих музейи) ертўласидан кичик бўлса ҳам бир хона сўрайди. Уни уриб-сўкиб ҳайдаб юборишади. Оч-беҳол юриб, ўлиги кўчада қолади.

Юқорида тилга олинган саройни польшалик меъмор Жозеф Гославский ва 270 муҳандис қурганди. Ренессанс, Рококо ва Барок русумида қурилган.

Ҳожи Зайналобидиннинг кучини тушуна олиш учун уни Рокфеллер билан таққослаш лозим. Ўша йиллари қазиб олинган нефтнинг ярмини АҚШ, ярмини Озарбайжон чиқарар эди.


Бошқа мақолалар