Мусулмонлар илмда нима учун ортда қолди?


  • 5 Августь, 2017
  • 1183

Ислом оламининг XV асргача   илмнинг турли тармоқларига қўшган ҳиссаси эътиборни тортади. Буларни "ал-жабир", "кимё" атамаларидан ҳам англаш мумкин. Нафақат илмда, балки санъат, тижорат, сиёсат каби соҳаларда ҳам инкор қилиб бўлмайдиган даражада меҳнатлари сингган. Ҳозирга келиб нима учун ислом олами Европадан илм борасида ортда қолди? Бунинг сабаблари нимада?

Европаликлар “Бу қолоқликка ислом олимларнинг манфий кўз қараши сабаб бўлган. Ашъорий ва Ғазолий каби олимлар бўлмаганда, ислом дунёсида ҳам кашфлар ва ихтиролар бўларди. Ғарб, схоластик фалсафадан фойдалана олди, Шарқ эса муваффақ бўлолмади” дейди. Айтмоқчи бўлганлари Ашъорийнинг мутазилага, Ғазолийнинг эса файласуфларга қарши курашидир. Ҳолбуки Ғазолийдан кейин ҳам илмий интизомда доим фаоллик бўлган. Дин олимлари ва файласуфларнинг орасидаги мунозаралар эса рационал билимлар устида эмас, диннинг ҳақиқатини тушуниш борасида эди.

Ўн олтинчи асрдан кейин ислом дунёси ва Ғарб орасидаги фан соҳасидаги фарқнинг тобора ортганлиги тўғри. Лекин бунга мусулмон олимларининг мухолифати сабаб бўлган дейиш асоссиз. Бу бир талаб ва таклиф масаласидир. Сиёсий ва иқтисодий кучи камайган Ислом оламида фан ва технологияга эҳтиёж сезилсайди, мусулмонлар гуллаб-яшнаган давридагидек, рационал билимлар тинмай ривожланишда давом этарди. Кўплаб астроном, физик, муҳандис ва бошқа билим одамлари бу даврда жамият ва давлатнинг эҳтиёжларини таъминларди.

Ғарб танқид қилаётган иккинчи хусус “мадрасаларнинг илоҳиёт ва ҳуқуқ дарсларига кўпроқ эътибор қаратишидир“. Ҳолбуки ислом оламида рационал билимларнинг таҳсили алоҳида бериларди. Астрономия, билан математика китоблар тўла кутубхоналарда; обсерваторияга тегишли асбоб-ускуналар давомли қўлланиладиган расадхоналарда  ва математик, астрономларнинг ёнида  ўргатиларди. Тиббиёт эса, шифохоналарда ўрганилар эди. Шу сабабли сиёсий ва иқтисодий инқироз даврида, эҳтиёжни таъминлайдиган даражада ҳуқуқ ва илоҳиёт дарслари давом этди. Рационал билимлар ривожланмади. Ҳозирги вақтга келиб, Ғарб билан интеграция мажбурий бўлгач бу билимлар ўтиладиган замонавий мактаблар қурилди.

Ибн Ҳолдун, буни сиёсий ва иқтисодий сабабларга боғлайди ва “Илм, бой давлатларда ривожланади” дейди. Бир минтақа заифласа, таъсирини йўқотса ва аҳолиси камайса, моддий ёрдам берилмагунча маслаклар йўқ бўлгудек камаяди. Бағдод, Қуртуба, Кайрувон, Басра ва Куфа сингари  исломнинг илк асрдаги гавжум, фаровон шаҳарлари маданият ва илм марказлари эди. Аҳолиси озайиб фаровонлик даражаси камайгач, маданият ва илм йўқолиб, Эрон ва Туркистон каби бошқа минтақаларга кўчди. Билимнинг порлаши, иқтисодий фаолиятлар ва технология ривожланган вақтларга тўғри келади. Билимнинг йўли тижорат ва саноатнинг, Миср ва Месопотамиядан Юнонистонга, Андалусдан Ренессанс Италиясига, у ердан Голландияга ва кейин саноат инқилоби Англияга йўналган йўл билан бирдир.  Жамият инқирозга учрагач, илм ривожланиши ҳам тўхтайди ва йўқолади. Илм, фаровонлик ва хавфсизликни талаб килади.

XV аср охирида илм-фан  ривожланиши жуда қийин, ҳатто имконсиз холатга келди. Бу давргача на ислом, на ўрта аср Европасида жиддий фан ихтироларини кўриш мумкин эмасди. Бундай ривожланиш учун эски тизимнинг йиқилиши керак эди. Европанинг кашфлар йўли билан бойиши ва аҳолисининг ортиши буни таъминлади.

Инқирознинг сабаблари

1. Ер майдонларининг хоссаси: Ислом минтақаларининг кўп ҳудуди яшашга яроқсиз бўлган унумсиз ёки суғорилмайдиган лалми майдонлардан, дашт ва саҳролардан иборат эди. Умавий ва Аббосийлар суғориш иншоотларига катта аҳамият бериб, зироат инқилобини амалга оширди. Марказий ҳукумат заифлагач, суғориш иншоотлари ҳам йўқ қилинди. Мўғил истилосидан кейин ҳам экин майдонлари чўлга ёки ботқоқликка айланди.

2. Кўчманчилар: Марказий идора заифлаганида, доимо кўчманчилар устун келиб, тартибсизлик ва анархияга сабаб бўлдилар. Суғориш иншоотларининг вайрон бўлиши ва суғориладиган майдонларнинг яйлов ёки ботқоқликка айланиши билан кўчманчиларнинг назоратидаги ҳудудлар каттайди.  Ўн учинчи асрдан ҳозирги вақтгача тинмай Ироқ ва Суриядаги аҳолининг камайишига сабаб бўлди.

3. Табиий офатлар: Ўрта асрда ислом минтақаларидаги табиий офатлар, ижтимоий ва иқтисодий инқирозларга сабаб бўлди. 968 йилда Нил дарёсидаги сув сатҳининг пасайиб кетиши жиддий қаҳатчиликка олиб келди. 600 минг инсон ўлди. Унинг ортидан очарчилик ва вабо касалликлари юзага келди. Ўрта асрнинг энг катта фалокати “Қора ўлим” (вабо) Европадан ҳам кўпроқ ислом оламини маҳв қилди. Миср, Сурия ва Ироқ аҳолисининг учдан иккиси нобуд бўлди. Зироат ва саноат таназзулга учради. Ҳарбий куч ҳам бунга параллел  равишда заифлади.

4. Жўғрофий мавқе: Жўғрофий жойлашуви ислом минтақаларини салиб юришларидан бугунги кунгача давомли ташқаридан тажовуз ва ҳужумларга нишон қилди. Ғарб билан Шарқнинг қоқ ўртасида, бунга қўшимча текисликда жойлашган ислом мамлакатлари, ҳар жиҳатдан мудофаасиз эди. Япония ва Британия каби ороллар, шу жиҳатдан стратегик имтиёзга эга.

5. Салиб юришлари: Қудус ва муқаддас жойларни мусулмонлардан олиш мақсадида 1096-1291 йиллари орасида ислом оламига еттита салиб юриши уюштирилди. Босиб олинган шаҳарлардаги мусулмонлар қатлиом қилинди. Бўшаган шаҳарларга ишғол қилишга келган қўшинларнинг аскарлари ва улар билан бирга келган можарлпарастлар, тужжорлар ва йўловчилар жойлаштирилди. Психологиялик катализор сифатида динни ниқоб қилган сафарларнинг ортида иқтисодий сабаблар бор эди. Европа аҳолиси мудом ортаётган эди. Европадаги 38,5 миллионга муқобил, ислом мамлакатлардаги аҳоли 12,5 миллиондан ошмасди. Салиб юришлари империализмнинг илк тажрибаси эди. Ғарб Европасидаги аҳоли ва ишлаб чиқариш ортти. Даромадлардаги ортиш, сармоя тўплашга сабаб бўлди. Салиб юришлари Венеция, Пиза ва Жанова каби Шимолий Италиянинг йирик денгиз шаҳарларининг ривожланиши учун яхши замин бўлди. Бунга муқобил икки аср давом этган салиб юришларига қаршилик кўрсатиш маҳаллий иқтисодни касодга учратди ва араб шаҳарлари заифлади.

6. Мўғиллар: Мусулмон дунёси салибчилар билан овора бўлганида Шарқдан яна бир даҳшатли истило келди. Чингиз кўчманчи мўғилларни бирлаштирди ва ислом мамлакатларига ҳужум қилди. 1220 йилдан эътиборан ислом шаҳарлари вайрон бўлди. Боғдоднинг ишғол этилиши билан Аббосий халифалиги тугатилди. Бу ислом маданиятидаги олтин асрнинг якун топганига ишора эди. Ушбу истилонинг энг қўрқинчли тарафи аҳолининг камайиши эди. Боғдодда қатл қилинганларнинг сони 2 миллионга яқин эди. Аҳолининг 90% қатл қилинди. Юзминглаб китобларга эга кутубхоналар ҳам бу фалокатдан четда қолмади.

7. Тижорат йўллари: Кашфлар сабабли, Ипак йўли каби тижорий йўллар аҳамиятини йўқотди. Европа ва ислом олами орасида даромад тақсими жиддий даражада ўзгарди. Миллатлараро тижорат маркази, Оқденгиз ва Ҳиндистондан, Болтиқ бўйи ва Атлантикага кўчди. Ислом мамлакатлари мустамлака, хомашё етказиб берувчи минтақага айланди. Европа мустамлакалари туфайли саноат инқилобини амалга оширди.

8. Капитуляциялар: Мамлук ва Усмоний султонлари, ажнабийларга берган имтиёзлари орқали иқтисодга фойда келтириишни ўйлаган эди. Сиёсий кучнинг заифлаши билан, капитуляциялар акс таъсир кўрсатди. Хорижий иқтисодий ҳокимиятга йўл очди. Арзонроқ Европа товарлари бозорларни эгаллаб олди. Кичик саноат тизза чўкди.

9. Ҳарбий тўқнашувлар: Иқтисодий заифлашувни англаган мусулмон ҳукумдорларнинг ислоҳот лойиҳалари Европанинг аввал ичкаридан қўллаб-қувватлаган тўнтариш ва ташқаридан ҳарбий ҳужумлари билан муваффақиятсизликка учратилди.

10. Ҳаддан ташқари ёйилиш: Мусулмонлар юксак идеаллар ортидан қувиб, тарқалиб кетишди. Аммо буни ушлаб турадиган аҳоли ва моддий кучга соҳиб эмасди. Аҳоли кучи билан нисбати тенг бўлган XIX асрнинг ўртасида Усмоний империяси аҳолиси 17 миллион булса, Ғарб аҳолиси 190 миллион эди. Россия ва Шарқий Европа аҳолиси 274 миллион эди. Англия 30, Франция 37, Испания-Португалия 20, Италия 24, Германия 32, Австрия 32 миллион эди.

Профессор Акрам Буғро Экинчи


Бошқа мақолалар