Ўзбекистон ўз тарихида илк бор Олимпиадага йўлланма олди


  • 2 Май, 2024
  • 184

Қатарда ўтаётган Осиё кубоги U23 яримфинали доирасида Ўзбекистон олимпия жамоаси Индонезияни мағлуб этиб, финалга чиқиш билан бирга ўз тарихида илк бор Олимпиадага йўлланма олди. Темур Кападзе шогирдлари Парижда ўтадиган ҳар тўрт йилликнинг энг йирик спорт мусобақасида иштирок этишади. Ўзбекистонлик футболчилар финалда 3 май куни Ироқ – Япония ўйини ғолибига қарши саф тортади.

Доҳада ўтган яримфинал баҳсининг биринчи бўлимида қатор имкониятлар бўлишига қарамай ҳисоб очилмади. Иккинчи бўлимда Ўзбекистон терма жамоасида Жасурбек Жалолиддинов ва Ҳусайн Норчаев захирадан майдонга туширилгач, ҳужумкорлик ошди.

63-дақиқада индонезияликлар ҳисобни очган бўлса-да, VAR текширувидан кейин бош ҳакам ўйиндан ташқари ҳолатни қайд этиб, голни бекор қилди.

68-дақиқада эса Муҳаммадқодир Ҳамралиевнинг узатмасини Норчаев голга айлантириб, ҳисобни очди – 1:0.

84-дақиқада индонезияликлар сардори Ризқи Ридҳо Жасурбек Жалолиддиновга нисбатан ўта қўпол ҳаракат қилгани учун майдондан четлатилди.

Орадан икки дақиқа ўтиб, Абдуқодир Ҳусановнинг бош билан йўллаган зарбасини рақиб ҳимоячиси Арҳан ўз дарвозасига киритиб қўйди – 2:0.

Шу тариқа, Ўзбекистон олимпия жамоаси ўзбек футболида тарихга кирди ва Париж-2024 Олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритди. Кападзе шогирдлари 3 май куни финалда Ироқ – Япония баҳси ғолибига қарши майдонга тушади.

kun.uz дан олинди.


Бошқа мақолалар